Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозлаш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда ҳудуддаги 25 та умумтаълим мактабига жами 25 дона замонавий интерактив сенсорли панеллар етказиб берилди.
Мазкур замонавий ўқув қурилмалари дарсларни педагогик талаблар асосида ташкил этиш, ўқув жараёнини визуал-ахборот материаллари билан бойитиш, шунингдек, ўқувчиларнинг фаол иштирокини оширишга хизмат қилади.

– Мактабимизга берилган ва ўрнатилиши кўзда тутилган интерактив панеллар ўқув жараёнида катта қулайликлар яратади, – дейди Боёвут туманидаги 21-сонли умумтаълим мактаби директори Оловиддин Каршибаев. – Энг аввало, ўқитувчилар учун дарс материалларини янада тушунарли, замонавий ва интерактив шаклда тақдим этиш имконияти кенгаяди. Ушбу қурилмалар ўқувчиларнинг фанларга бўлган қизиқишини оширади, амалий машғулотлар самарадорлигини орттиради. Таълим муассасаларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган вилоят раҳбариятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари таъкидлашича, таълим муассасаларини замонавий техник воситалар билан таъминлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Келгусида эса бошқа мактабларга ҳам рақамли ўқув ускуналарини етказиб бериш режалаштирилган.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири