Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача ва мактаб таълимида соғлом овқатлантириш — келажак авлод саломатлиги кафолати
16:09 / 2026-03-02

Дунё миқёсида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тўғри ривожланиши учун қулай шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини йўлга қўйиш нафақат болаларнинг жисмоний ўсиши, балки интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уни миллий таълим тизимига татбиқ этиш бугунги кунда долзарб вазифага айланган.

Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда тегишли идоралар вакилларидан иборат делегация Японияда бўлиб, қатор ҳамкорлик учрашувларида иштирок этди. Сафар давомида мазкур мамлакатда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бу жараённи бошқариш механизмлари атрофлича ўрганилди.

Учрашувлар доирасида делегация аъзолари Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги, Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги, Япония Истеъмолчилар ишлари агентлиги ҳамда Мактаб тушлигини яхшилаш бўйича ассоциация мутахассислари билан мулоқот қилди. Суҳбатлар жараёнида мактабларда овқатланишни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, санитария-гигиена талаблари, маҳсулотлар сифати назорати, шунингдек, таълим жараёнида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Япония тажрибаси шуни кўрсатадики, мактабларда овқатланиш тизими фақатгина болаларни озиқлантириш билан чекланмайди. У тарбиявий жараённинг бир қисми сифатида қаралади, болаларга тўғри овқатланиш маданияти ўргатилади, маҳсулот танлаш ва рацион тузиш бўйича билим берилади, гигиена қоидаларига амал қилиш эса кундалик одатга айлантирилади.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида илғор тажрибаларни Ўзбекистон таълим тизимига жорий этиш режалаштирилмоқда. Жумладан, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва самарали бошқарув механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Бу каби ҳамкорлик ва тажриба алмашуви келажак авлод саломатлигини таъминлаш, таълим муассасаларида хавфсиз ва сифатли овқатланиш муҳитини яратиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА