Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ахбороти эшитилди
15:24 / 2025-10-11

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланиш, шунингдек, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторларининг бажарилиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Ахборотда келтирилишича, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, 38 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилотларида 2,4 миллиондан ортиқ болалар таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг умумий қамров даражаси 77 фоизга, 6 ёшли болаларни қамраб олиш кўрсаткичи эса 96 фоизга етган.

Ҳисобот даврида 54 та янги боғча қурилиб, 6 минг 820 та қўшимча ўрин яратилган. Давлат-хусусий шерикчилик асосида 51 та, оилавий нодавлат секторда эса 505 та янги муассаса ташкил этилиб, жами 26 минг 331 нафар бола учун янги ўринлар яратилган.

Олис ва чекка ҳудудлардаги болаларни қамраб олиш мақсадида 30 та “Ақлвой” автобуси асосида 60 та ўйин майдончаси ташкил этилиб, 142 та мобил гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 177 минг нафарга яқин педагоглар тоифа синовларида, 4 минг 800 нафар стажёр-ўқитувчи сертификатлаш синовларида иштирок этган. Шунингдек, "PISA 2025" тадқиқоти доирасида 8 минг 655 нафар ўқувчи қатнашган. “Вазир жамғармаси” ҳисобига кўра 1 000 нафар илғор ўқитувчига ҳар ойлик устама тўлаб бориляпти. 11-синф битирувчиларидан 11,5 мингдан ортиғига олтин ва 2 минг 475 нафарига кумуш медаль берилган.

Депутатлар дарсликлар таъминоти масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳисоботда келтирилишича, халқаро тажрибалар асосида 159 номда 27,2 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик мажмуалар нашр этилиб, мактабларга етказиб берилмоқда.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида “Coursera” платформаси орқали 330 минг нафар ўқувчи рўйхатдан ўтиб, 325 минг нафари халқаро сертификатга эга бўлган.

Хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатга эга ўқувчи ва ўқитувчилар сони сезиларли даражада ўсган. Иккинчи хорижий тилни ўргатиш амалиёти 354 та мактабда йўлга қўйилиб, 94 та мактабда касб-ҳунар ўргатишга тадбиркорлар жалб этилган.

“Камбағал оилалар реестри”га киритилган 229 минг 137 нафар бола боғчаларга имтиёзли қабул қилинган.

Муҳокамаларда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш, мақсадли индикаторлар ижросига қаратилган аниқ чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Қисман бажарилган ёки бажарилмай қолган мақсадли индикатор кўрсаткичларининг ижросини назоратга олиш лозимлиги қайд этилди.

М.Комилова,

ЎзА