English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги KOICA билан қўшма лойиҳа бошлади
16:41 / 2024-09-10

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан KOICA билан ҳамкорликда йўлга қўйилган грант лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида мактабгача таълим тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда инновацион мактабгача таълим ташкилотини қуриш лойиҳасига старт берилди.

Бугун бўлиб ўтган мазкур бинога тамал тоши қўйиш маросимида вазирлик раҳбарияти ва Корeя Рeспубликаси Халқаро ҳамкорлик агeнтлиги – KOICA президенти Чанг Вон Сам бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли, халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган муносабатлар жадал ривожланмоқда, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Ер юзидаги ҳар қандай ривожланган юрт энг аввало аҳолисининг интеллектуал салоҳияти, давлатдаги юксак таълим даражаси билан тараққиётга эришган. Айни жараён учун зарур пойдевор, куч-қувват манбаи мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларида шакллантирилади, десак адашмаган бўламиз. Шу маънода давлатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан бунёд этилаётган “Педагогларни тайёрлаш комплекс маркази ва замонавий мактабгача таълим ташкилоти” мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Махсус грант лойиҳаси – Кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича яхлит марказ ҳамда инновацион давлат мактабгача таълим ташкилотини 2026 йилгача қуриб битказиш режалаштирилган.

[gallery-19194]

Йилига 2500 нафар педагог малака ошириш имконига эга бўладиган марказда илмий-тадқиқот олиб бориш, ўқув дастурлари, ўқитувчилар учун инновацион метод ва материаллар тайёрлаш шароити ҳам яратилади.

– Корея илғор тажрибаси асосида барпо этилаётган ушбу Ахборот ва педагогик технология инновация маркази ихтисослашган турли соҳа ходимлари тажриба ва малакасини ошириш, шунингдек мактабгача таълим қамровини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради, – деди KOICA раҳбари Чанг Вон Сам.

Эътиборли жиҳати, иншоот таркибида ишга тушадиган 250 ўринли Инновацион мактабгача таълим муассасаси 5 хил замонавий талаб – интеллектуал, маънавий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантиришга йўналтирилган илғор ўйин технологиялари билан жиҳозланади.

Умуман, мажмуа сифатли хизматлардан кенг миқёсда фойдаланиш, махсус дастур асосида тайёрланаётган ўқитувчилар сонини кўпайтириш, оилаларда болалар интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш, пировардида мактабгача таълим сифатини кескин оширишга хизмат қилади.

Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА