Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача ва мактаб таълими тизимида коррупцияга қарши қандай чоралар кўриляпти?
13:02 / 2023-11-28

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.

Тадбир аввалида вазирлик масъуллари томонидан соҳада коррупцияга оид қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш борасида вазирлик томонидан олиб борилган ишлар ҳақида ҳисобот берилди.  

Таъкидланганидек, вазирлик марказий аппарати, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида ички локал ҳужжатлар қабул қилингани ва бу ҳужжатлар ходимлар фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликка муросасизлик, уларни содир этишга йўл қўймасликка оид сиёсатни ўзида акс эттиргани эътиборлидир.  

Шунингдек, вазирликда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун барча турдаги алоқа каналлари “Ишонч телефони”, электрон почта манзиллари, ижтимоий тармоқ ва бошқа саҳифалар, “Вазирга мурожаат” портали ишга туширилган.  

Вазирлик тизими ходимлари томонидан содир этилган коррупцион ҳолатлар таҳлил этилди. Кўрсаткичлар 2022 йилда 191 тани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб 116 тани ташкил этмоқда. Тизимда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида шу йилнинг ўтган 9 ойида 177 нафар ходим бўйича тўлдирилган декларациялар текширилган. Коррупцияга қарши ҳолатлар шартномаларга киритилган бўлиб, ўрганиш натижалари бўйича вазирликда 6 та ҳолатда давлат харидлари бекор қилинган. Масъулларга нисбатан жазо чоралари кўрилган. Соҳага ажратилган маблағлар самарали ишлатилиши бўйича ўтказилган 4 та назорат ва мониторинг тадбирларида аниқланган хато ва молиявий камчиликлар бўйича 5 нафар ходимга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланган. Шу билан бирга бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ишларга оид рақамлар очиқланди.  

Ноқонуний ҳолатларни камайтириш мақсадида пора олиш ва пора бериш каби ҳолатларнинг юзага келиши сабаб ва шароитларининг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборилди.  

  Шунингдек, тизимда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни тартибга солиш мақсадида ижтимоий тармоқларда аноним сўровномалар ўтказилиб, унда қатнашган 37 минг 600 нафар фуқародан 2 минг 372 нафари (респондент) сўровномани тўлдирган. Сўров натижаларига кўра, олинган маълумотлар фаолиятнинг барча соҳаларида коррупциянинг турли кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимларга ҳуқуқий онг ва маданиятни янада юксалтириш бўйича фаол ишлар олиб бориш мақсад қилингани маълум қилинди.  

–Соҳада коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича болаларни 1-синфга қабул қилиш, мактабгача таълим муассасаларига жойлаш, шаҳодатномалар бериш каби жараёнларни электронлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда, – деди вазирлик бошқарма бошлиги Шавкат Ҳамроев. – Шу билан бирга, инсон омилини камайтириш, ҳужжатларнинг электрон тарзда юритиш, умумий харидлар бўйича электрон платформалар жорий этилди.  

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан биринчилардан бўлиб қабул қилинган қонунлардан бири коррупцияга қарши курашишга оид қонундир, – деди Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Азаматхон Эргашев. – Сир эмаски, бугунги кунда олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими, банк, қурилиш тизимида ҳамон коррупциявий ҳолатлар юқори бўлиб қолмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича лойиҳалар жорий этилмоқда. Айни пайтда бундай салбий ҳолатга қарши халқимиз ҳам масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳисса қўшиши керак.    

   

Н.Усмонова,  

ЎзА