Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан Бухоро вилоятида ҳам давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Бухоро шаҳридаги 19-давлат мактабгача таълим муассасаси мисолида ташкил этилган тадбир давомида давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
– Бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 500 та давлат мактабгача таълим муассасасининг 20 тасида тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг усулида овқатлантириш йўлга қўйилган. Қолган 480 тасида анъанавий (таъминотчилар томонидан озиқ-овқат етказиш орқали) усулда овқатлантириш амалга оширилмоқда, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муродилло Фармонов. –Аутсорсинг – бу муайян хизмат турларини давлат муассасаси эмас, балки мутасадди хусусий ташкилотлар орқали ташкил этиш тизими. Унга мувофиқ, мактабгача таълим муассасаларида болаларни овқатлантириш давлат томонидан эмас, балки тендер асосида танлаб олинган махсус корхоналар томонидан амалга оширилади.
Бунда дастлаб танлов эълон қилинади. Мактабгача таълим муассасалари учун озиқ-овқат етказиб бериш ва овқат тайёрлаш бўйича махсус ташкилотлар танланади. Ғолиб ташкилот билан белгиланган талаблар асосида шартнома тузилади. Таомларнинг сифати, гигиена ва санитария талаблари, калория миқдори, болалар ёшига мослиги мунтазам равишда назорат қилинади.
[gallery-24601]
– Муассасамизда 2018 йилдан буён аутсорсинг усулида овқатлантириш тизими йўлга қўйилган, – дейди Бухоро шаҳридаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси Шаҳноз Саидова. – Бу тизимнинг афзалликлари жуда кўп. Энг, аввало, болалар учун ҳар куни сифатли ва таркибида зарур моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб келинади. Барча таомлар “Ягона таомнома” асосида тайёрланади. Бу эса болаларнинг ёшига мос, парҳез, тўйимли ва мазали таомларни ўз вақтида тайёрлаш имконини беради. Овқатлар санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланади ва ҳар куни назоратдан ўтказилади. Бундай тизим нафақат болаларнинг соғлом овқатланиши, балки уларнинг умумий ривожланиши ва кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, бу жараёндан ота-оналар ҳам мамнун.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг сони, рўйхати ва бошқа тегишли маълумотлар тайёрланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мавсумлар кесимида “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Бунда давлат МТТларида “Ягона мавсумий таомнома” асосида озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисоби “Болалар боғчаси” ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади. Шу билан бирга мазкур ҳисобот электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимига автоматик тарзда юборилади.
Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнлари давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатувчи ҳамда ота-оналар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат кузатув кенгашлари аъзолари томонидан доимий назоратда бўлади.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан аниқ жавоблар олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.