Мактабгача таълим ёшдаги болалар ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши бепул эмланади
Санитария-эпидемиология хизмати томонидан олиб борилаётган кузатувларга кўра, сўнги кунларда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳамда мактабларнинг бошланғич синфлари ўртасида грипп ва ўткир респиратор касалликлар билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, гриппга қарши курашишнинг энг самарали усуллардан бири эмлашдир.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига кўра, Ўзбекистонда мактабгача таълим ёшдаги болалар ва 1-синф ўқувчиларини гриппга қарши бепул эмлаш режалаштирилган. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, республика ҳудудида грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини олдини олиш мақсадида 2 миллион доза вакцина келтирилган бўлиб, барча мактабгача таълим ёшдаги болалар ва 1-синф ўқувчиларини гриппга қарши бепул марказлашган ҳолда эмлаш режалаштирилган. Бунинг учун республика миқёсида 2минг 753 та эмлаш пунктлари ташкил этилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА