Мактабгача таълим вазирлигининг Ҳайъат йиғилишида долзарб масалалар ўртага ташланди. Дастлаб давлат раҳбарининг тегишли қарорида белгиланган 100 та ДҲШ асосидаги НМТТ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида сўз юритилди. Вазир биринчи ўринбосари Б.Онорбоев мазкур йўналишга доир таҳлилий тақдимот ўтказди.
Йиғилишда МТТларда таълим сифати ва педагоглар малакасини ошириш муҳим эканлиги таъкидланиб, педагогларни тоифалаш юзасидан фоиз кесимида ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар борасидаги ўрганишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, йиғилишда вазир ўринбосари Н.Муслитдинов томонидан МТТларда тўғри овқатланишни ташкил этиш долзарб масала эканлиги, бу йўналишда кўплаб коррупция ҳолатлари аниқланаётгани, ташкилотлар Бракераж Комиссиялари белгиланган вазифаларини жойда ўтамаётгани ҳолатлари учраётгани афсус билан таъкидланди. МТТларда болалар давомати ҳамда айрим НМТТларга субсидиялар нотўғри тақсимланаётгани айтилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда соҳада кадрларни лавозимларга тайинлаш, МТТ директорларини вакант жойларда тайинлашда қўпол хатоликларга йўл қўйилаётгани тўғрисида ҳам сўз борди.
Шунингдек, олий маълумотли кадрларни соҳага жалб қилиш борасида етарли тарғибот-ташвиқот ишлари ҳудудлар кесимида олиб борилмаётганлиги, ходимларни МТТларга қабул қилишда коррупцион ҳолатлар аниқланаётганлиги ачинарли ҳолат, дея баҳоланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА