Мактабгача таълим вазирлиги ва "Замин" халқаро жамоат фонди ўртасида инклюзив таълимни ривожлантиришга оид меморандум имзоланди.
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, қўшма меморандум инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни тиклаш, реабилитация қилиш ва жамиятда ўз ўрнини топиш учун мослаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Энг кўп кўмак ва эътиборга муҳтож фарзандларимизнинг ҳаётини ёрқин, қизиқарли, таассуротларга бой қиламиз, деган умиддаман, – дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Муҳими, бундай болажонларимиз сифатли мактабгача таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш имконига эга бўлади.
Шунингдек, учрашувда икки томон вакиллари конференция, семинар-тренинг, кўргазма, симпозиум ва бошқа тадбирлар орқали ўзаро манфаатли масалалар, турли лойиҳа ва дастурларни биргаликда амалга ошириш, мактабгача таълим тизими ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича ахборот алмашди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА