Тошкент шаҳридаги Пучон университетида университет фаолиятини ташкил этиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.Шин, вазирнинг ўринбосари Н.Муслитдинов, Корея Республикасининг Пучон университети ректори Хан Джонг Сок, шунингдек, Корея Республикасининг Пучон университети ва Тошкент шаҳридаги Пучон университети раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.
Меморандумнинг асосий мақсади Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда университетнинг мактабгача таълим, архитектура, менежмент ва бошқа оммабоп йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, университет фаолиятининг асосий устувор йўналишлари, хусусан мактабгача таълим соҳасида халқаро стандартлар даражасида таълим ва тайёргарлик дастури таъминланади. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ва Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегияси вазифаларига монанд мактабгача таълим, шунингдек, архитектура, менежмент, корейс тили ва бошқа оммабоп мутахассисликлар бўйича педагог кадрларнинг малакаси оширилади.
Шунингдек, замонавий таълим технологиялари асосида ўқув жараёнини ташкил этишда илғор хорижий тажриба жорий этилиб, таълим дастурини ўзлаштириш учун ўқув профили ва индивидуал траекторияни танлаш имконияти яратилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА