Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим вазирлиги Қўқон университети билан ҳамкорлик қилади
16:18 / 2021-01-22

Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, муқобил шаклларини яратиш ва уларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ва Қўқон университети ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандум асосида келгусида ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, уларни жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар этиб улғайтириш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси этиб вояга етказиш каби кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштириб олинди.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Юлдашев Қўқон университетида мактабгача таълим ташкилотлари мутахассислари тайёрлаш бўйича яратилган шароитлар билан танишди. Университет базасида "Болаларни эрта ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази" ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотларида давлат таълим ва тарбия дастурларини татбиқ этиш асносида болаларнинг ривожланишидаги тафовутларни ўрганиб, ёш кадрларнинг илмий изланишларига кўмаклашиш, узлуксиз тадқиқ этишни йўлга қўйиш хусусида таклифлар илгари сурилди. Ҳар бир мактабгача таълим ташкилоти директори таълим менежменти талабларидан хабардор бўлиши кераклиги таъкидланиб, Қўқон университетида мактабгача таълим ва менежмент йўналишлари кесимида кадрлар захирасини шакллантиришга келишилди.

Шу ерда "Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг замонавий ёндашув ва истиқбол йўналишлари" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Юлдашев, Қўқон университети ректори Шерзод Мустафоқулов, Қўқон шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамовлар мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, ислоҳотлар хусусида сўз юритди.

Мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва ходимларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинг икки кун давом этиб, турли йўналишларда маъруза-тақдимотлар бўлиб ўтди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА