Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим вазирлиги болажонлар тилагини бажо келтирди
14:30 / 2020-12-31

ҚОРБОБОГА ХАТ!

Қизалоқ ойисидан: “Қорбобо бизникига ҳам келадими”, – дея сўради. Ойиси унга Қорбобо жуда узоқда, ўзлари эса чекка бир қишлоқда яшашини тушунтириб, “Қорбобо бизникига кела олмаса керак”, – деди. Қизалоқ Қорбобога ёзган хатини жўнатиш учун адирликлар сари югуриб кетди. Буни қарангки, йўлда кетаётган “Aqlvoy”дан Қорбобо ва Қорқиз тушиб келиб, болаларга олам-олам завқ улашди...

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тақдимоти ўтказилган лойиҳа иштирокчилари эътиборига намойиш қилинган роликда ушбу воқеалар акс этган бўлиб, унда минглаб ота-оналар, ўғил-қизларимизнинг янги йил орзулари ижобати мужассам.  

Хабарингиз бор, Мактабгача таълим вазирлигининг мобиль МТТлар бўйича пилот лойиҳаси амалга оширилиб, мослаштирилган “ISUZU” русумли автобуслар 2019 йилнинг октябрь ойида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида йўлга қўйилди. 93 гуруҳ ташкил қилиниб, 44 та узоқ маҳаллада 2 мингга яқин бола мактабгача таълим билан қамраб олинди.  

Лойиҳанинг пилот босқичи муваффақиятли ўтганлиги сабабли, вазирлик уни давом эттириш ва кенгайтиришга қарор қилди. Айни пайтда 49 та янги автобусни лойиҳа талабларига мослаштириш ишлари якунланди.  

Мазкур лойиҳа тақдимотида соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, “Aqlvoy” автобусларида болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.  

Автобуслар қуёш батареялари, кондиционер, ҳожатхона, иссиқ ва совуқ сув, овқатни иситиш учун ошхона билан жиҳозланган. Ўқув-тарбиявий жараён мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади.  

– “Ақлвой” автобуслари узоқ, бориш қийин бўлган ҳудудлардаги болалар учун мактабгача таълимга қисқа муддатда киришиш имкониятидир, – дейди Мактабгача таълим вазири биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов. – У ерда қамров кўрсаткичлари ҳали ҳам паст даражада. Республика бўйлаб 3,5 мингдан ортиқ маҳаллаларда давлат МТТлари мавжуд эмас. Демак, болалар зарур билимсиз ва мактабгача тайёргарликсиз қолмоқда. Пилот босқичда мобиль МТТларга талаб катта эканлиги аниқланди. Республика бўйлаб 98 та ўйин майдончасини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Улар мустаҳкам, юқори чидамли ва атай бузишга қарши элементларга эга бўлади. Янги намунадаги биринчи майдонда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қурилган.  

Янги мобиль боғчалар январь ойида ўз ишини бошлайди. Унинг тўлиқ қувватга чиқиши 2021 йил баҳорига режалаштирилган. “Ақлвой” гуруҳлари мактабгача тарбия қамрови энг паст бўлган қишлоқ ҳудудларда, болалар боғчалари бўлмаган жойларда очилмоқда. Мобиль МТТлар тарбиячилари қўшимча таълим, шу жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарликдан ўтади. Мобиль гуруҳларга қатнашиш бепуллигича қолади. Автобуслар ва ўйин майдончаларини қуриш грант маблағлари ҳасобидан амалга оширилмоқда.  

Тадбир иштирокчилари тақдимотдан сўнг жойларда мобиль боғча фаолияти билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлди – “Aqlvoy” билан бирга Юқори Чирчиқ туманига сафарга чиқдик.  

Дарвоқе, қизалоқнинг Қорбобога ёзган хатида катта қўғирчоқ ёки ўйинчоқ эмас, “Aqlvoy” тез-тез бизнинг қишлоққа ҳам келиб турсин”, деган тилак бор эди! 

 [gallery-655]

Моҳигул Қосимова,

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА