Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар мактабгача таълим ва тарбия тизимини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) мактабгача ёшдаги болаларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, ижодий, жисмоний ва ҳар томонлама етук шахс бўлиб ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
б) таълим-тарбия жараёнини илғор тажрибаларга мувофиқ инновацион технологиялар асосида ташкил этиш;
в) соҳага хусусий секторни кенг жалб қилишни янада қўллаб-қувватлаш ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш учун қўшимча рағбатлантириш механизмларини жорий этиш.
Фармонда:
а) бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритиш;
б) мактабгача таълим тизимида болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва уларга таълим беришни ижобий муносабатлар орқали амалга ошириш мақсадида ўйинга асосланган таълимни жорий этиш;
в) мактабгача таълим ва тарбия тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган ва Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган "Янги авлод" мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этиш белгиланган.
Бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳларда амалга оширилади.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:
мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади;
мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ҳамда ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.
2027/2028 ўқув йилига қадар бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилишини инобатга олган ҳолда унинг қайта кўриб чиқилиши таъминланади.
ЎзА