Якунланаётган жорий йилда Бухоро вилоятида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича изчил ва самарали ишлар амалга оширилди. Натижада соҳага оид кўрсаткичлар сезиларли даражада ошди.
Айни пайтда вилоятда 2 212 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бораётган бўлиб, уларга 148 778 нафар 3-7 ёшли болалар қамраб олинган. Бу мактабгача таълим ёшида бўлган болаларнинг 91,5 фоизини ташкил этади.

– Жорий йилда болалар учун 9950 та қўшимча мактабгача таълим ўрни яратилди. Хусусан, вилоят бўйича 21 та янги мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди ва 3025 нафар бола қамраб олинди. Жумладан, Ғиждувон, Ромитан ва Бухоро туманлари ҳамда Когон шаҳрида 1 та, Вобкент туманида 5 та, Олот, Когон ва Жондор туманида 3 та, Пешку туманида эса 2 та, янги мактабгача таълим ташкилоти ишга тушди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муродилло Фармонов.

Шунингдек, реконструкция ҳисобидан 1 590 та ўрин яратилди. Чекка ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари биноларида ташкил этилган қўшимча гуруҳлар орқали 170 нафар бола қамраб олинди. 46 та янги нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилиб, 4 665 нафар бола учун қўшимча ўрин яратилди. 5 та мактабнинг бўш ҳудудлари таъмирланиб, қайта жиҳозланди ва 500 та янги ўрин яратилди. 147 та мактабда 269 та бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, 8 346 нафар 6 ёшли бола таълимга жалб этилди.

Шунингдек, 2025 йилда Ғиждувон, Вобкент ва Жондор туманларида замонавий Илк ривожланиш марказлари ташкил қилинди. Бугунги кунда ушбу марказларда 484 нафар тарбияланувчи таълим олиб, уларнинг 322 нафари кам таъминланган оилалар фарзандларидир.

Бундан ташқари, Қоракўл, Олот, Жондор, Пешку, Когон, Бухоро ва Ғиждувон туманларида фаолият юритаётган “Ақлвой” мобил гуруҳлари томонидан 580 нафар бола қамраб олинган.
Вилоятда мактабгача таълимни ривожлантириш борасидаги тизимли ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Қамровнинг йилдан йилга ортиши болаларни эрта ёшдан сифатли таълим ва тарбияга жалб этиш йўлида олиб борилаётган изчил ишларнинг яққол натижасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.