Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан мактабгача таълим тизимида очиқлик, шаффофлик ва самарадорликни ошириш йўналишида кенг кўламли ўрганиш ишлари амалга оширилди.
– Ўрганишнинг асосий мақсади таълим муассасаларида очиқ бошқарув тизимини шакллантириш, коррупция хавфини олдини олиш, фаолият самарадорлигини кучайтириш ҳамда болалар учун соғлом ва тарбиявий муҳит яратишдан иборатдир, – дейди шаҳар Кенгаши депутати Р.Исматова.
Депутатлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳридаги 67-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилинди.
– Ўрганиш жараёнида муассасанинг ички ҳужжатлари, кадрлар билан ишлаш тартиби, болаларнинг давомати, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, санитар-гигиеник ҳолат ҳамда таълим жараёнининг ташкилий жиҳатлари атрофлича ўрганилди, – дейди шаҳар Кенгаши депутати А.Аҳмедов. – Шунингдек, моддий-техника базани яхшилаш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам таҳлил этилди.
Ўрганиш натижасида айрим камчилик ва етишмовчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича далолатнома ҳамда аниқ амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, ички назорат тизимини кучайтириш, молиявий сарф-харажатларни шаффоф ҳисобга олиш, озиқ-овқат таъминотида сифат ва хавфсизлик талабларига риоя этиш каби йўналишлар бўйича таклифлар берилди.
Комиссия мутасаддилар ва жамоатчилик иштирокини таъминлаган ҳолда бу каби таҳлил ва назорат ишларини изчил давом эттириш, шу орқали мактабгача таълим тизимида очиқлик, шаффофлик ва самарадорликни янада ошириш, болаларнинг соғлом ва ҳар томонлама ривожланиши учун муносиб шароит яратишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олди.
Зариф Комилов, ЎзА