Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим тизими қамрови йилдан-йилга ортмоқда
18:16 / 2019-12-26

Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ташкил этилган йил якунлари сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.


Ўзбекистонда 13 минг 500 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Бу йил Мактабгача таълим вазирлиги тизимга болалар қамровини 2018 йилдаги 37,7 фоиздан 52 фоизга етказди. 2020 йилда бу кўрсаткич 59,5 фоиз бўлиши кутилмоқда, шунингдек, 85,2 фоиз 6 ёшли болаларни мажбурий 1 йиллик таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.

Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ташкил этилган йил якунлари сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълумки, мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилмасдан аввал тизимда замонавий дастурлар жорий этилмаган, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган, тараққий этган мамлакатлар сингари ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш, атроф-муҳит билан танишувга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурлари татбиқ қилинмаган эди. Давлат мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг аксарияти ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермас эди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим сифати мониторингини юритиш тузилмавий ва ташкилий жиҳатдан назарда тутилмаганлиги сабабли, мактабгача таълим муассасаларидаги таълим жараёнининг сифати, самарадорлигини баҳолаш замон талабларига умуман жавоб бермаган.

Мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Вазирлик ташкил этилганидан сўнг илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Республикада давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш, бюджетдан субсидиялар ажратиш, шунингдек, болаларнинг мактабгача таълими ва тарбиясининг муқобил шакллари амалиётга татбиқ этилмоқда.

МТМ миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари қайта тайёрланиб, малакаси оширилмоқда. Бунинг учун Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ташкил этилди.

15.jpg

Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги тегишли қарори билан тизимни янада такомиллаштириш, болаларнинг сифатли мактабгача таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш, мактабгача таълим хизматларининг нодавлат секторини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

– Вазирлик ташкил этилгандан буён 2 йил давомида биз ўсиш динамикасини кузатмоқдамиз, барча ўзгаришлар ҳам осон амалга ошавермайди, – деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – 2019 йилдаги энг мураккаб ҳолат бу мактабгача таълим муассасаларига йўлланма олиш бўйича электрон навбат алгоритмидаги ўзгариш бўлди. Аризалар топширишдаги қўпол хатолар туфайли тизим алгоритмларини ўзгартиришга тўғри келди. Ушбу қадам болаларнинг 1 миллионга яқин электрон навбатини 480 мингга қисқартириш имконини берди. Жорий йил декабрь ойида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида“ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу қонун билан 6 ёшли ҳар бир бола мактабгача 1 йиллик мажбурий тайёргарликдан ўтиши шартлиги, жумладан, мактабгача таълимнинг турли шакллари белгиланди. Шунингдек, судланганлар ёки турли салбий сабаблар билан ишдан бўшатилган фуқароларнинг соҳада ишлаши учун қатъий тақиқлар ўрнатилди. Бу эса коррупционерлар яна раҳбарлик лавозимига қайтиши ва талон-тарож билан шуғулланишининг олдини олади.

Таъкидланишича, вазирликнинг 2020 йилдаги фаолияти устувор йўналишлари белгилаб олинган. Бунда асосий эътибор янги МТМ биноларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, бир пайтлар боғча бўлган биноларни қайта вазирлик ҳисобига қайтариш, мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш каби чора-тадбирларни бажаришга қаратилади.

– 2019 йил манзилли инвестиция дастури 470 объектни ўз ичига олган бўлиб, улардан 411 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланди, – деди мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Йўлдошев. – Жорий йилда 12 янги МТМ қурилди, 53 бўш турган бино фаолияти йўлга қўйилди, қатор МТМларда реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу эса 20 мингта янги иш ўрни яратилишига замин яратди. 2020 йилда 19 янги МТМ қуриш ва 387 МТМни реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. 2019 йили вазирликка 31 бинони қайтариш ҳамда уларда янги МТМ ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Айни кунда республика бўйича яна 50 шундай объект масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мактабгача таълимнинг муқобил шакллари МТМларда ўрин етишмаслиги муаммосини тез, ортиқча чиқимларсиз самарали ечиш имкониятини беради. Бу шакллар, айниқса, МТМлар қуриш имконияти бўлмаган чекка ва аҳоли сони кам бўлган ҳудудларда катта самара беради. Вазирлик ташкил топганидан буён МТМнинг оилавий автобуслардаги мобил, денгиз контейнерлари асосидаги модуль, шунингдек, тўлиқ кунли бўлмаган муқобил шакллари жорий этилди.

2019 йилнинг иккинчи ярмида “Ақлвой” лойиҳасининг 16 автобуси билан чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги 2 минг бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. 2020 йилда улар фаолияти натижасининг самарадорлиги ўрганиб чиқилган ҳолда мобил гуруҳлар учун янги йўналишлар белгиланди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2020 йил ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда янги лойиҳалар иш бошлайди. “Play” гуруҳлар, “Уйга ташриф” ва нодавлат секторини ривожлантириш лойиҳалари шулар жумласидандир.

“Play” гуруҳлар лойиҳаси бўйича қишлоқларда турли ўйинлар, ривожлантирувчи ўйинчоқлар, ўқув-материаллар ва инвентарларга эга бинолар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ерда турли ёшдаги болалар учун тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси билан 3-4 соат машғулотлар ўтилади. Лойиҳанинг синов босқичида Наманган ва Хоразм вилоятларида 240 нафар бола қамраб олиниши режалаштирилган.

“Уйга ташриф” лойиҳасида эса мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг уйига педагогнинг кундалик ташрифи назарда тутилади. Бунда оила ривожлантирувчи тўпламлар билан таъминланади. Болалар билан машғулот ўтишдан ташқари ташриф буюрувчи педагог ота-оналарга ўқитиш жараёнида ўйинчоқ ва материаллардан қандай фойдаланишни тушунтириб беради.

18 (1).jpg

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида нодавлат секторини ривожлантириш аллақачон бошлаб юборилган. Айни кунда Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 6 мингтадан ошди. 2020 йилда яна 2 мингта оилавий ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги 420 нодавлат МТМ очиш режалаштирилган. 992 лойиҳага ажратилган имтиёзли кредитлар ҳажми 1 триллион 1628 миллиард сўмга етди.

– Бу тизимда ишлаётган кадрлар билими, уларнинг педагогик маҳорати жуда муҳим, – деди мактабгача таълим вазири А.Шин. – Вазирлик ўқув-тарбиявий жараёнининг сифатини ошириш бўйича мунтазам иш олиб боради. Ўтган 2 йил давомида 7 минг педагог ва 2,8 минг раҳбар малака ошириш курсларида ўқиди. ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда тайёрланган ўқув курслари 38,4 минг мутахассисни қамраб олди. 2019-2020 ўқув йилида олий ўқув юртларида мактабгача таълим йўналишидаги қабул квоталари 2,5 баравар оширилди. Бундан ташқари, кейинги йили юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкентда Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг филиалини очиш режалаштирилган. 2020 йилдан бошлаб МТМларга хореограф ва иккинчи тил ўқитувчиси, шунингдек, методистлар учун қўшимча штатлар киритилмоқда.

Таъкидланишича, кейинги йил мактабгача таълим тизимини молиялаштириш миқдори янада ошади. Агар 2018 йил давлат МТМларида 1 болага йилига ўртача 3,8 миллион сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу миқдор 4,6 миллион сўмга оширилди.

Вазирлик турли имтиёзлар жорий этиш йўли билан аҳолини фаол ижтимоий қўллаб келмоқда. Масалан, 1 оиладан МТМга 2 ёки ундан ортиқ бола қатнаётган бўлса, улар учун тўлов 28 фоизга камайтирилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари МТМнинг тарбияланувчилари умумий сонининг 15 фоизигача ҳамда маълум жисмоний ва психик нуқсонларга эга тарбияланувчилар давлат МТМларига бепул қамраб олинади. Аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси нисбатан паст бўлган 65 туман ва 1 аҳоли пунктида тўловлар 50 фоизга пасайтирилган.

Мактабгача таълим тизимида молиявий ҳуқуқбузарликка қарши кураш изчиллик билан амалга оширилмоқда. 2019 йил вазирлик ички аудит хизмати томонидан 20 миллиард сўмдан ортиқроқ ҳажмдаги молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Бунда ноқонуний харажатлар ва талон-торожлар, давлат харидлари борасидаги қонун бузилишлари, маблағларни маош ва унга тенглаштирилган тўловларга ноқонуний сарфлаш ҳолатлари кузатилган. 431 ҳолат бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Аниқланган қонун бузилиш фактлари бўйича 3,6 миллиард сўм ундирилган.

Тошкент шаҳрида ўтказилган текширувлар махсус ихтисослашган мактабгача таълим муассасаларидаги ўринларнинг 70 фоиздан 94 фоизгачаси соғлом болалар билан бандлигини кўрсатди ва шу сабабли улар қайта ташкил этилди. Натижада барча реабилитацион муолажалар ва кучайтирилган коррекцион ишларни амалга ошириш имкониятини берувчи 18 кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТМ ташкил этилди. Қолган МТМ қуввати 7 минг 600 ўринли бўлган умумий типдаги МТМга айлантирилди. Қайта ташкил этиш орқали алоҳида парваришга муҳтож болаларни зарур шароитлар билан таъминлаш, шунингдек, соғлом болалар учун 4 минг 600 ўринли МТМ яратиш имконияти туғилди.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, 2019 йил вазирлик мактабгача таълим тизимига инклюзия принципларини фаол жорий этиб борди. Жорий йил апрель ойида Тошкентда соғлом ва алоҳида парваришга муҳтож болалар биргаликда тарбияланиши учун махсус МТМ ўз фаолиятини бошлади.

2020 йилда реабилитация марказига эга МТМ тармоғи кенгайиб боради. Янги йилда Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида Нукус шаҳридаги ўзида кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТМ ва реабилитация марказини мужассамлаштирган “Имкон” маркази каби энг илғор техника билан таъминланган объектлар қурилади.