Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим ташкилотида “Маънавият сектори” ўрни муҳим
15:39 / 2024-06-21

ХХ асрнинг охирига қадар мамлакатимизнинг ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётида, асосан, бадиий китоб, газета ва журналларга қизиқиш катта бўлган бўлса, бугунги кунга келиб буларнинг ўрнини тезкор ахборот манбаи - ижтимоий тармоқлар эгаллай бошлади.

Жаҳон ахборот майдони кенгайиб бораётган бир пайтда ёшларимизнинг онгини ўраб-чирмаб эмас, балки уларнинг маънавий тарбиясига алоҳида урғу бериб, рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга ўз қобиғимизга ўралмаган ҳолда тўғри йўл кўрсатишимиз керак. Чунки бугунги кунда юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифаси йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16-17 ноябр кунлари Сурхондарёга ташрифи чоғида  “Маънавият сектори” 4 та секторга қўшимча сифатида алоҳида ижро ҳокимиятининг коллегиал органи ҳамда вилоят, шаҳар ва туманлар кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ташкил этилиши, барча ҳудудларда фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий тараққиёт бўлмаган жойда моддий фаровонлик бўлмайди” деган фикри “Маънавият сектори”нинг асосий тамойили қилиб олинди. 

Уларга кўра “Маънавият сектори” маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш ҳамда маънавий муаммолар бўйича ўз вақтида манзилли чоралар кўришга масъул жамоатчилик тузилмаси бўлишига эътибор қаратилди.

Сектор аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшлар билан индивидуал ишлайди, уларда Ватанга муҳаббат, садоқат ҳиссини тарбиялайди, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлайди ҳамда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини оширишга хизмат қилади.

Маънавият секторининг асосий вазифаси шаҳар ва туманлар, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини таъминлаш яъни соддароқ қилиб айтганда бир инсон оилада туғилиб, маҳаллада улғайиб, таълим масканида илм олади. Маънавият секторининг асосий вазифаси ушбу жараёнда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, шу асосда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу жараён эса доимий мониторинг тизими орқали таҳлил қилиниб, илмий асосланиб, амалий ҳаракатлар билан бойитиб борилади. Мақсадимиз бугунги таҳликали замонда мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш, қатъий ишлаш, самарали натижа кўрсатишдир. 

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан олимлар, тадқиқотчилар, зиёлилар, соҳа мутахассислари иштирокида ҳар бир тизимда янги сектор фалиятини ташкил этиш юзасидан  ишчи гуруҳ тузилди. Марказ томонидан ҳудудларда ушбу сектор фаолиятини намунали йўлга қўйиш учун уларнинг инфратузилмаси, ижтимоий-маънавий муҳити ҳисобга олинган алоҳида намунавий методик қўлланмалар, тавсиявий йўриқномалар яратилди. Мактабгача таълим ташкилотларининг ҳозирги кундаги ҳолати ва жиҳозланиши, кириб келиш йўлагидан тортиб маънавият бурчаклари ҳамда хоналарнинг тузилиши-ю жиҳозларигача ўрганиб чиқилди ва тавсия сифатида йўриқнома ишлаб чиқилди. Мактабгача таълим ташкилотининг маънавий тарбиядаги фаолиятини такомиллаштириш, тарбияланувчиларда мустақил ва бахтли ҳаёт учун зарур ижтимоий малака ҳамда фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш, фарзанд тарбиясида маънавий комиллик, ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсад қилиб олинди. Ишчи гуруҳ ҳудудлар бўйлаб таҳлилий-танқидий ўрганишлар олиб борди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос қадриятлари ва маънавий мезонларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос харитани ишлаб чиқиш мақсадида соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, аҳоли орасида бирдамлик ва дахлдорлик туйғуларини қарор топтиришга қаратилган амалий ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан алоҳида режа-жадвал асосида ўрганишлар бошланди. Жумладан, Мактабгача таълим ташкилотларида Давлат стандарти талабларига риоя этиш ҳолати бўйича мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар, ўқувчи-ёшлар, талаба ва профессор-ўқитувчилар билан ташкил этилаётган маънавий ва маърифий ишлар ҳамда ватанпарварлик тарбияси тадбирларининг таъсирчанлиги ҳамда шу йўналишда эришилаётган натижалар самарадорлиги таҳлил қилинди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудий маънавият ва маърифат кенгашларида танқидий-таҳлилий муҳокамалар ташкил этилди ҳамда марказ томонидан услубий-амалий ёрдам кўрсатилиб, келгусидаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ўрганишлар бўйича олинган хулосаларга таяниб, Ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда таълим муассасаларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, ягона ёндашувни ўз ичига олган “Таълимнинг барча босқичларида (мактабгача ва мактаб таълими, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим) тарбияланувчи, ўқувчи ва талаба-ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Концепцияси ишлаб чиқилди. 

Ўғил-қизларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг индивидуал ва дифференциал технологиялар интегратцияси асосида узлуксиз 15 йиллик (3 ёшдан 18 ёшгача) “Янги Ўзбекистон фарзанди” миллий ватанпарварлик модели (компетенцияси) ишлаб чиқилди.

Сурхондарё вилоятида “Маънавият сектори” фаолияти синов-тажриба сифатида йўлга қўйилди. Вилоятдаги мавжуд 965 та умумтаълим мактаби, 454 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та олий таълим, 54 та профессионал таълим муассасаси, 360 та ташкилот ва корхоналар ҳамда 724 та маҳаллада “Маънавиятсектори”нинг қуйи бўғинлари ташкил қилиняпти. 

Термиз шаҳридаги 31-сон мактабгача таълим ташкилоти “Маънавий сектори”нинг қуйи бўғинлари фаолияти намунали йўлга қўйилиб, барча туман (шаҳар)ларга ушбу тажриба оммалаштирилди.

Мактабгача таълим ташкилотларида “Маънавият бурчаклари”ни ташкил этиш ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари ҳовлиси, фойеси, бинолари ва гуруҳларини жиҳозлашда ёрдам бериш мақсадида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ва бошқа ҳудудлардаги Мактабгача таълим ташкилотларига тақдим этилди. 

Муҳаддислар султони, аллома бобомиз Имом Бухорийнинг ушбу ҳикматларини фарзанд тарбиясига қўлласак, “Тарбияда илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай”, деган мазмун пайдо бўлади. Демак, бугун оилаларда катта бўлаётган, боғчаларга қатнаётган болажонларимизнинг бахтиёр бўлишлари ота-она, мураббийлар бераётган тарбияга боғлиқ. Берилаётган тарбия эса уларнинг тарбия илми – педагогикадан хабардорлик даражаларига боғлиқ.

Мафтуна Мелиева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Таълим муассасалари билан ишлаш ва ватанпарварлик бўлими

биринчи тоифали мутахассиси, 

                                                   ЎзА