Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар самараси тўрт йил ичида
12:16 / 2021-11-27

Мактабгача таълим вазирлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар самараси тўрт йил ичида” мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Таъкидланишича, мамлакатимиз аҳолисининг 2,8 миллионини 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар ташкил этади – аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келади.

Биргина 2020 йилда мактабгача ёшдаги аҳолининг 64,9 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди. Юртимизда 2018 йилда 7 минг 104 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлган бўлса, 2021 йил учинчи чорак якунига кўра, 24 минг 922 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда.  

Бундан кўриниб турибдики, йилдан-йилга боғча ёшидаги ўғил-қизларни мактабгача таълим билан қамрови кенгайиб бормоқда. Соҳа ривожи йўлида ажратилаётган давлат бюджети маблағлари ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.

Болаларга сифатли таълим-тарбия бериш, мактабга тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тизимда кичик ҳамда мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ва халқаро стандартлар асосида “Илк қадам” давлат ўқув дастури ишлаб чиқилди. Маълумки, таълим жараёнининг асосини ўйин фаолияти ташкил қилади. Бундан ташқари, болага билим бериш билан бирга ўйин машғулотларини ўтказиш, коммуникатив, ижтимоий компетенциялар орқали унинг шахсий фазилатлари ривожлантириб борилади.  

Энг асосийси, “Илк қадам” давлат ўқув дастури доирасида ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида 5 та ривожланиш марказлари ташкил этилган бўлиб, педагог-тарбиячилар болажонларга қурилиш ва математика, санъат, илмий ва табиат, тил ва нутқ, сюжетли-ролли ўйинлар каби йўналишларда таҳсил беришмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида” қарори билан республиканинг барча ҳудудларида ИСУЗУ қайта жиҳозланган автобуслари негизида “Ақлвой” номли мобил мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Дастлаб 16 та автобус ташкил этилиб, улар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди. Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш ва мобил гуруҳлар тарбияланувчилари ўйнаши учун шароит яратиш мақсадида барча зарур ўйин жиҳозлари ва дидактик материаллар билан жиҳозланган 44 та ўйин майдончалари қурилди.

Умуман олганда, тажриба лойиҳаси доирасида аввал мактабгача таълим билан қамраб олинмаган ва асосан республиканинг бориш қийин ва чекка ҳудудларида яшовчи 1 минг 556 бола қамраб олинди. Ўз навбатида, мактабгача таълимнинг бундай турдаги муқобил инновацион шакли тақдим этилаётган мактабгача таълим ва тарбия хизматларининг сифати ва жалб этувчанлигини оширади. Мактабгача таълимнинг бундай муқобил шакллари жорий этилиши айни бир хил маблағ сарфлаган ҳолда кўпроқ болаларни қамраб олиш имконини беради.

   2021 йилда “Ақлвой” мобил мактабгача таълим ташкилоти фаолияти самарадорлигини ўрганиш натижаларига кўра, республиканинг чекка ҳудудларида қайта жиҳозланган ИСУЗУ автобуслари негизида мобил мактабгача таълим ташкилотларини жорий этишни давом эттириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди. Жумладан, 2021 йилда республиканинг чекка ҳудудларида 49 та ИСУЗУ русумидаги автобуслар фойдаланишга топширилди, 98 та янги майдонлар қурилди. Натижада республикада 2020-2021 ўқув йилида 4 минг 704 нафар болалар қамраб олинади.

Мактабгача таълим вазирлиги тегишли соҳада Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Япония, Сингапур, Туркия, Полша ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу кунга қадар Мактабгача таълим вазирлиги ва хорижий ҳамкорлар ўртасида Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган 66 та меморандум ва келишувлар имзоланган.  

2019-2020 йилларда Мактабгача таълим вазирлиги ЖССТ мутахассислари билан биргаликда болаларни овқатлантириш стандартлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ҳамда овқат тайёрлаш технологиясини кўриб чиқди. Бу тамойилларнинг барчасини амалиётга татбиқ этиш ва болаларни соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун таомлар рецепти китоби ишлаб чиқилди.  

Мазкур китоб овқатланишда одатга айланган қоидаларни инкор этади, масалан компот ёки ичимликлар қуруқ мевалардан тайёрланса, шакарсиз бўлса ҳам мазали ва ҳатто фойдали бўлиши мумкин. Қовоқ пюреси бўтқага ширин таъм бериши ёки десерт сифатида берилиши мумкин, салатга туз солмасдан лимон шарбати билан ажойиб таъм ҳосил қилиш, лавлаги шарбати, кўкатлар ёки исмалоқ каби табиий бўёқлардан фойдаланиб ранг киритса бўлади. Тақдим этилган таомлар соғлом, тўйимли, ўзига тортадиган ва ҳаттоки қизиқарлидир.

Мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этишнинг ва улар учун тайёрланадиган таомларнинг рецептлари турлари ўрганиб чиқилди ва меъёрлар, болаларнинг озиқ моддалар ва зарур энергия манбалари, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва минерал моддаларга эҳтиёжлари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, уларнинг сифат характеристикалари, сифатсиз ҳолда бўлишидаги белгилари, уларни ташишга, қабул қилишга, сақлашга, хавфсизлигига, хом маҳсулотларга уларнинг таркибига, маркировкасига таомнома тузишга қўйиладиган барча талаблар ишлаб чиқилди ва ушбу тамойилларнинг барчасини амалиётга татбиқ этиш ва болаларни соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун “Боғчалар учун таомлар рецепти” “Ақлвой ошпаз” китоби яратилди.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА