Бозор иқтисодиёти шароитида демократик қадриятларни ривожлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида инсон иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг фаол субъекти сифатида фаолият кўрсатади. Бу эса ўз навбатида ёш авлодни бутун ҳаёти давомида ўрганиш ва таълим олиш қобилияти билан қуроллантириш зарурлигини кўрсатади.
Узлуксиз таълим ижодий, ижтимоий фаол ҳамда маънавий бой шахсни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади. Узлуксиз таълимнинг ягона тизимида эса мактабга тайёргарлик муҳим ўрин тутади.
Илмий тадқиқотлар натижалари инсон ўз умри давомида ўзлаштирадиган барча ахборот ва маълумотларнинг қарийб 70 фоизини 5 ёшга бўлган даврда эгаллашини тасдиқлади. Мазкур омил узлуксиз таълимнинг ягона тизими асосий бўғини сифатида мактабгача таълимнинг аҳамиятини белгилайди.
Шу боис 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
Ўтган вақт давомида мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 96 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – шундан 3 та фармон ва 19 та Президент қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 44 та қарори ва 8 та фармойиши, 13 та идоравий ва 7 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг соҳага изчил татбиқ этилиши натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилги 27 фоиздан 2021 йилга келиб 62,4 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 5211 тадан, 19316 тага ошди. Якунда эса, 658 961 нафар 6 ёшгача бўлган болаларнинг 507 145 нафари (77 фоизи) мактабгача таълим билан қамраб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 майдаги «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан 2030 йилга келиб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80,8 фоизга етказиш мақсад қилинган.
ЎзА