French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим: Сирдарёда тўлиқ қамров учун қандай чоралар кўрилмоқда?
16:50 / 2021-05-11

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида кейинги 3-4 йил ичида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси кескин ортди.

Хўш, бу борада Сирдарё вилоятида қандай ишлар амалга оширилди? ЎзА мухбири Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Даврон ДЎСТОВ билан суҳбатлашди.

– Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражасини ошириш борасида вилоятда қандай ишлар амалга оширилди?  

– 2017-2020 йиллар ва 2021 йилнинг ўтган даврида, давлат дастури асосида янги қурилиш ва реконструкция қилиш, мактабгача таълим ташкилотлари филиалларига алоҳида юридик мақом берилиши, нодавлат – давлат-хусусий шериклик асосидаги ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг ташкил этилиши ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотларида қамров кўрсаткичларида сезиларли даражада ўсишлар бўлди, – дейди Даврон Дўстов. – Хусусан, 2017 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, вилоятда жами 155 та мактабгача таълим ташкилотига 19 минг 958 нафар болалар қамраб олиниб, қамров фоизи 20,9 фоизни ташкил қилган эди. Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 70,4 фоизни ташкил этиб, вилоят ҳудудидаги истиқомат қилаётган 67 минг 623 нафар 3 ёшдан 7 ёшгача болаларнинг 47 минг 636 нафари 564 та мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинди.

– Қамров даражаси кескин ошганлигига қараганда, янгидан барпо этилган мактабгача таълим ташкилотларининг сони ҳам ортган. Хўш, уларнинг хизмат кўрсатиш сифати ҳам шу даражада ортдими?  

– Ўтказилган таҳлиллар, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари сони бундан 4 йил аввалги 155 тадан 409 та қўшилиб 564 тани, болалар сони ўшандаги 19 минг 958 нафарга 27 минг 678 нафар қўшилиб 47 минг 636 нафарга етганлигини, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 49,5 фоизга ортганлигини кўрсатаётир.

Бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам хусусий секторларга қарашли МТТларда болажонларимизга таълим-тарбия бериш жараёни, уларга яратилган шароитлар ва озиқ-овқат таъминоти ойма-ой, мунтазам равишда мониторинг қилиниб, бу борадаги ишлар мутахассисларимиз томонидан таҳлил қилиб борилади. Бирор хато ва камчиликлар юзага келган тақдирда зудлик билан зарур чора-тадбирлар белгиланиб амалга оширилади.  

Лекин бугунги кунда вилоятдаги барча МТТлар замон талабларига тўлиқ жавоб беради.  

– Болаларнинг боғчаларга қамраб олинишидаги ўсишда хусусий секторнинг улуши қай даражада?

– Президентимизнинг ташаббуси билан ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам таълим тизимидаги тадбиркорлик ва хусусий секторга бўлган эътибори тубдан ўзгарди. Бу эса МТТда хусусий секторларнинг улушини сезиларли даражада ортиши ва болаларимизни МТТларга қамровининг кенгайишини таъминлади.  

Жумладан, 2017 йил якунида вилоят бўйича давлат мактабгача таълим ташкилотларининг сони 153 тани, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони эса атиги 2 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотлари 41 тага кўпайиб 194 тани, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 369 тага ортиб, 371 тани ташкил этмоқда.

– Янги-янги мактабгача таълим ташкилотларининг қурилиб фойдаланишга топширилиши яхши албатта, уларнинг қувват даражаси етарлими? Бундан ташқари, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси вилоятда қачон тўлиқ кўрсаткичга чиқади?

– Янгидан барпо этилаётган МТТларнинг қувват даражасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, албатта. 2017-2020 йилларда жами 93 та 12 минг 730 ўрин қувватли давлат мактабгача таълим ташкилотларида инвестиция ва маҳаллий давлат дастурлари доирасида ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 1 минг 355 ўрин қувватга эга 9 та янги қурилиш, 7 минг 435 ўрин қувватга эга 54 та реконструкция, 3 минг 900 ўрин қувватга эга бўлган 30 та мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Жами, 371 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти таҳлил қилинадиган бўлса, уларнинг 2 таси хусусий, 29 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги, 340 таси оилавий мактабгача таълим ташкилотлари улушига тўғри келади.

Вилоятимиз бўйича мактаб ёшигача бўлган болаларимизни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичини эса 2025 йилга бориб юз фоизга етказиш борасида барча зарур чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз.  

 

ЎзА мухбири Абдужалол  

Қаюмов суҳбатлашди.