Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Ёшлар марказида “Мактабгача таълим ташкилотларида психолог, дефектолог ва логопедларнинг меъёрий ҳужжатлар билан ишлашда устувор вазифалари” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган 190 нафардан ортиқ психолог, логопед ва дефектологлар иштирок этди. Семинарнинг асосий мақсади – мактабгача таълим ташкилотларида психологик хизмат сифатини ошириш, нутқида нуқсони бўлган болалар билан логопедик машғулотларнинг самарадорлигини таъминлаш ҳамда мутахассисларнинг касбий фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Тадбирда соҳадаги долзарб масалалар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлашнинг тўғри йўлга қўйилиши, касбий фаолиятда устувор йўналишларни белгилаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар доирасида белгиланган асосий вазифалар ҳақида Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳузуридаги Ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик хизмат бўлими раҳбари Гулчирой Раҳмонов шундай деди:

– Психолог, логопед ва дефектологлар учун белгиланган вазифалар фақатгина ҳужжатлар билан ишлаш ёки назоратни кучайтириш билан чекланмайди. Бу аввало, болаларнинг психологик фаровонлигини таъминлаш, уларнинг индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ота-оналар билан самарали мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган кенг қамровли амалиётдир. Замонавий илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион методларни фаолиятимизга татбиқ этиш орқали психологик хизмат самарадорлигини сезиларли даражада оширишимиз мумкин.

Семинар доирасида ёш ва индивидуал психологик хусусиятларни аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш усулларини жорий этиш, стресс, конфликт ва инқирозли вазиятларда самарали психологик ёрдам кўрсатиш стратегияларини ўзлаштириш, ота-оналар ва жамоа билан конструктив мулоқот кўникмаларини ривожлантириш, профилактика ва психологик ёрдам тизимини такомиллаштириш, жамоада соғлом мулоқот ва ҳамкорлик маданиятини шакллантириш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Гулчирой Раҳмонова таъкидлаганидек, мазкур вазифаларни амалга ошириш нафақат психологик хизмат сифатини ошириш, балки болаларнинг ижтимоий-эмоционал ривожланиши ва улар учун соғлом муҳит яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири