French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабгача таълим муаассаларида конституцияни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга
10:08 / 2022-06-20

Бизга маълумки, Конституцияни ўрганиш жараёнида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият манфаати, давлат, мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги масъуллиги, фуқароларнинг давлат олдидаги бурчлари, жамият ва шахс ўзаро муносабати, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, сайлов тизими каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти баён этилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишнинг таълимий мақсад ва вазифаси – адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда ҳуқуқий давлат барпо этиш, Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, маъно-мазмуни ҳамда моҳиятини ўрганиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш барча таълим турларида ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Маълумки, мактабгача давр инсон шахсини шакллантиришда энг мураккаб давр ҳисобланади. Оила ўзида миллий урф-одатлар ва анъаналарни мужассамлаштиради, уларни сақлаб қолади ва авлоддан-авлодга узатади. Катта қилиш ва болаларни тарбиялаш бир-биридан ажратиб бўлмас жараёндир. Шахснинг мустақиллик даражаси, турли жинс, ёш ва миллат одамларга муносабати, маданий ва маънавий қадриятлар ва афзалликларни ҳурматлаш, шахсий одатлар – эрта болаликданоқ шаклланиб бўлади. Оилада, болаларга меҳнатсеварлик, катталарга, қўшниларга, жамоат фикри ва муаллим-устозларга нисбатан чуқур ҳурмат, тўғри сўзлик, жамоатчилик, ўзаро ёрдам ва ўзаро қутқариш, мустаҳкам оила қуриш ва уни сақлаб қолиш, таълим олишга интилиш туйғулари билан тарбияланади.

Шундай бўлсада, ўйин фаолияти орқали бола шахсида ижобий хулқ ва одоб малакаларини шакллантириш мумкин. Бунда ўйин кўринишларининг кўламини кенгайтириш, нафақат оилавий турмушдаги воқеалар акс этган ўйин кўринишлари, балки сайрларга олиб бориш, табиатни кузатиш, магазинларни кўриш, транспорт воситаларига чиқиш каби ўйин турларини ҳам кўпайтириш мумкин.

Мактабгача таълимда бола ўйин фаолияти билан умумий ўрта таълимга тайёрланиб бориши боис мактабгача таълим муассасаларида «Конституция сабоқлари» машғулотлари болаларнинг ёши, онги, қабул қилиш савияси, ҳар бир боланинг ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

Мактабгача муассасалардаги ўргатиш фаолияти ўйинлар орқали амалга оширилиши сабабли, Конституциядаги қоидалар турли хил ўйин машғулотларида тушунтирилади. Айнан шу ўйинлар орқали болалар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, бурчларини англаб олишади.

Шулардан келиб чиқиб, Конституцияда мактабгача таълим муассасаларида Конституцияни ўрганиш лозимлиги борасидаги қоидаларни киритиш лозим. Бундан ташқари, Конституцияда давлатнинг ҳар бир боланинг мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини белгилаш керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланиб, у боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлаб, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади, тизимли ўқитишга тайёрлаб, ҳуқуқий дунёқарашини шаклланишига катта ёрдам беради. Шундай экан, бу тизим фаолиятини янада кучайтириш, мактабгача таълим муассасаларида ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга мактабгача ёшдаги болаларни кенг жалб этиш фарзандларимизнинг баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутади.

Фарход Тахиров

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги

университети профессори, юридик фанлари доктори