Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидорларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Андижон шаҳридаги 4- умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Райёна Иброҳимова ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланиб, халқаро миқёсда муваффақиятга эришган юртимизнинг иқтидорли ёшларидан бири.
Райёна Иброҳимова жорий йил июль ойида Германиянинг Геттинген шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирланган эди. Маълумки, мазкур олимпиада Германиянинг Гёте институти томонидан ҳар икки йилда бир марта 14 – 17 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказиб келинади. Дунёнинг 62 мамлакатидан 106 нафар ўқувчи иштирок этган бу йилги олимпиадада Райёна олтин медаль соҳибаси бўлди.
[gallery-19219]
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Райёна Иброҳимованинг халқаро миқёсдаги муваффақияти алоҳида эътироф этилди.
Ғолиб қизга, у ўқиётган мактаб кутубхонасига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан тақдим этилган 500 турдаги китоблар жамланмаси ҳамда ташаккурнома тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбирда ўқувчи ёшлар қалбида ватанпарварлик, она юртга муҳаббат туйғуларини янада ошириш мақсадида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда фахрий қоровул бўлинмасининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Тадбир ўқувчи ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари