Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
а) ўқувчиларда замонавий ва талаб юқори касбларга қизиқиш уйғотиш, интерактив таълим муҳитини шакллантириш орқали болаларнинг илмий, техникавий, ижодий ва спорт йўналишидаги салоҳиятини руёбга чиқариш;
б) болаларнинг етакчилик қобилиятлари, шахсий ривожланишига қаратилган лойиҳаларни йўлга қўйиш, ўқувчилар тарихга оид билимларини мустаҳкамлаш, уларда Ватанга садоқат, маданий мерос ва миллий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш;
в) мактабдан ташқари таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, соҳага малакали мутахассислар ва хусусий секторни жалб этишнинг самарали механизмларини жорий этиш;
г) соҳадаги кадрлар касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқарувни такомиллаштириш, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари моддий-техника базасини халқаро андоза ва замонавий педагогик технологияларга мос равишда ривожлантириш.
Қарорга кўра, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги "Баркамол авлод" республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика "Келажак" маркази;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) "Баркамол авлод" болалар мактаблари негизида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) "Келажак" марказлари;
в) Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари "Келажак" марказлари ҳузурида болалар сайёҳлик базалари ташкил этилади.
Мазкур қарор билан:
а) Республика "Келажак" маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) "Келажак" марказларининг асосий вазифалари;
б) "Келажак" марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш кенгаши таркиби ва унинг вазифалари;
в) "Келажак" марказларининг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича "йўл харитаси";
г) "Келажак" марказларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериладиган объектлар рўйхати тасдиқланди.
ЎзА