English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабдаги йиғилиб қолган муаммолар: юқори синф ўқувчилари дарс вақтида қаерда?
12:15 / 2021-03-10

Фарғона туманидаги Хонқиз қишлоғида 2 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Хусусан, 52-мактабда икки сменада 1 минг 386 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Бугун таълим-тарбия ишларига ҳар қачонгидан эътибор кучайган. Ёшларнинг пухта билим олишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтеазиши йўлида кўплаб ишлар қилиняпти. Афсуски, мазкур таълим маскани туманда оғир шароитдаги мактаблардан бири ҳисобланиб, ечимини кутаётган муаммолар анчагина. Янги директор тайинланганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, бу ерда ҳалигача сезиларли ҳаракатлар бошланмади.

 Давомат мактабда ўқувчиларга эътибор, дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар аҳамиятини, ўқитувчиларнинг ўз ишига ёндашувини кўрсатади. Бу жараён мактабнинг уриб турган юрагига қиёсланади. Мазкур таълим масканида эса юқори синф ўқувчиларининг давомати ниҳоятда ачинарли эканига гувоҳ бўлдик. Сабабсиз машғулотларга келмаётган ўқувчилар сони кўпчиликни ташкил қилади.

11 “Д”-синфда 26 нафар ўқувчи бўлиб, алгебра дарсида бор йўғи 12 нафари иштирок этмоқда. Мактаб директори Миркомил Солиев эса бу ҳолатни изоҳлай олмаганини қандай тушуниш мумкин? Шунча мактаб ўқувчиси дарсларга қатнашмасдан қаерда юрганлиги наҳотки мутасаддиларни қизиқтирмаса? Бир ўқитувчининг “баҳорги ишлар бошланган, шунга кетиб қолган бўлса керак”, дея бамайлахотир айтган гаплари эса бизни ташвишлантирди. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, маънавий-маърифий соҳада оддий маълумотларни билмаслиги аён бўлди.

[gallery-1481]

Ёшларни мусиқа ва санъатга ошно этиш муҳим вазифа саналади. Мактабда ўқиётган шунча ўқувчи учун биттадан рубоб, дутор, доира ва пианино бор, холос.  

– Беш йилдан буён шу ерда ишлайман, илгарилари ўзимизнинг мусиқа асбоблари билан дарс ўтардик, – дейди мусиқа фани ўқитувчиси Абдубанноп Турғунов. – Ўтган йили шу биттадан мусиқа чолғу асбобларини беришди. Мусиқа тўгараги ташкил этилган, ўқувчиларимизнинг санъатга қизиқиши кучли.  

“Қўрғонтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 54-мактабда эса бундан-да оғир ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Дарс жадвалига кўра, олтинчи соатда 11-синфларда информатика бўлиши керак. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳамроҳлигида бутун мактаб ҳудудини, синф хоналарини айланиб, бирорта 11-синф ўқувчисини топа олмадик. Ваҳоланки, бу синфда 25 нафар йигит-қиз ўқир экан.

2015 йилда қурилган спорт зали бугунги кунда ночор ҳолга тушиб қолган. Ювиниш хоналари қурилганидан бери ишламайди. Аксарият жиҳозлари занглаб ётибди.  

Бу Фарғона вилоятининг битта туманидаги ҳолат. Шаҳар ва туманларда мингга яқин мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Уларда давомат, таълим-тарбия сифати балки яхшидир, аммо баъзи жойларда оддий шароитлар ҳам мавжуд эмас.  

Мутасаддилар таълимга эътиборлироқ бўлиши керакка ўхшайди...

 

М. Сулаймонов,  

М. Қодиров (сурат), ЎзА