Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабдаги муаммоларнинг аниқ ечими
16:12 / 2021-01-02

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини уйғун равишда тараққий эттириш ва амалга ошириш йўллари белгилаб берилди.

Айтиш мумкинки, Мурожаатномада тилга олинган ҳар бир соҳа билан боғлиқ фикр, далил ва рақамлар заминида истиқболли режалар ётибди. Биргина мисол, давлатимиз раҳбари ушбу Мурожаатномада ҳам улғайиб келаётган навқирон авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Мушоҳада қиладиган бўлсак, кейинги йилларда бу борадаги вазифа ва муаммолар, уларнинг сабабларини аниқлаш, ечимларини топишга имкон қадар чуқурроқ, миллий қадриятлар ва жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилмоқда.

Учинчи ренессанс пиллапояларини яратгувчи фарзандларимиз ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлишлари учун юртимизда яратилаётган шароит, имкониятларнинг қувончли самарасини кўриб турибмиз: турли даражадаги танлов, конкурс, беллашувларда жонажон Ўзбекистон шарафини юксалтириб, юқори натижаларга эришган ўғил-қизлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

Лекин ҳаётий ҳақиқатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Якунланаётган йилимиз дунё халқлари учун оғир йўқотишлар ва синов йили бўлди, пандемия ер юзидаги барча мамлакатлар ва уларнинг аҳолиси ҳаётига бир қатор қийинчиликлар олиб келди. Бизнинг халқимиз ҳаёти ҳам бу вазият ва ҳолатлардан истисно эмас. Шундай шароитда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади” деган фикрлари, бу вазифанинг амалга оширилиши учун, Мурожаатномада айтилганидек, “Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши”, айтиш мумкинки, ота-оналар, ўқитувчилар ва интилувчан ўқувчиларни ўйлантириб келаётган бир қатор муаммоларнинг ечими сари аниқ қадамдир. 

Зеро, бундай тадбирнинг амалга оширилиши натижасида республикамизнинг чекка ҳудудлари мактабларида ўқитувчи кадрлар етишмаслиги муаммоси ечими сари йўл очилади, мактаблар етук мутахассис ўқитувчилар билан таъминланиб, таълим сифати юксалади ва чекка ҳудудларда яшовчи болалар орасидан иқтидорлиларини аниқлаш, рағбатлантириш, мақсад сари йўналтириш ишлари изчиллашади. Бу тадбир айрим ўқитувчиларнинг бошқа касбларга ўтиб кетиши ёки бошқа жойларга иш излаб кетишининг олдини олади.

Хайрли ишлар қалбдаги эзгу ниятлардан бошланади. Мамлакатимизнинг энг юксак минбаридан қилинган ниятларни халқимиз қўллаб-қувватлаб турибди. Уларни амалга оширишда Президентимизни, халқимизни Аллоҳ қўллаб-қувватласин.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими.

ЎзА