Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабида замонавий кутубхона ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова ташаббуси ва ҳомийлигида O‘zLiDePнинг “Дурдона” лойиҳаси асосида ташкил этилган кутубхонанинг очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда партиянинг Андижон вилоят Кенгаши масъул ходимлари, таълим муассасаси педагоглари, ўқувчи-ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Кутубхона фонди бадиий ва илмий-оммабоп адабиётлар билан бойитилган.
Очилиш маросимида сўз олган Одинахон Отахонова китобнинг инсон ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб, ёшларнинг маънавий камолоти йўлида китобхонлик маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида таълим ва маърифат соҳасига кенг имкониятлар яратилаётгани қайд этилди. Ёшлар сиёсати доирасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, миллий ва жаҳон адабиёти намуналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида “Китоб – маънавият бешиги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, миллий адабиёт дурдоналарини тарғиб қилиш, маънавий меросни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар янги кутубхона фаолияти билан танишди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат).