Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида синф сардорларига стипендиялар топширилди.
Болаларда лидерлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик, мардлик руҳида тарбиялаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда “Болалар ҳаракати”нинг роли муҳим аҳамият касб этади. Бу борада “Тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида мактаб сардорлари ўз тенгдошларини фаолликка, пухта билим олишга етаклаётганлигини эътироф этиш ўринли.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг вилоятдаги умумтаълим мактаблари сардорлари вакиллари билан ўтказган учрашувида фаол сардорларни рағбатлантириб бориш юзасидан таклиф илгари сурилди. Вилоят ҳокими мазкур таклифни қўллаб-қувватлади ва бу борада зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъкидлади.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ушбу таклиф Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида илк бор амалга оширилди. Ўзбекистон болалар ташкилоти “Болалар ҳаракати” ҳамда мактаб маъмурияти ҳамкорлигида тадбиркорларнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан мактабнинг 5-11 синфларидаги 71 нафар синф сардорларига 200 минг сўмдан стипендия берилди.

– Синф сардорлигим учун менга стипендия берилганлигидан очиғи, жуда хурсандман, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Зафархўжа Акрамхўжаев. – Бу менга улкан мотивация беради, ўзимга бўлган ишончни оширди. Янада фаол бўлишга, тенгдошларим билан кўпроқ ишлашга ундайди.

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мактабнинг синф сардорларига сентябрь ойи учун стипендиялар тантанали равишда топширилди. Энди мактабда ҳар ойда синф сардорларига стипендия бериб борилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА