Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ёзги таътил даврида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этиш мақсадида 29-умумтаълим мактаби ҳудудида “Оқ қуш” номли кундузги соғломлаштириш оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади.
Оромгоҳ очилишига бағишланган тадбирда таълим соҳаси ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. .
– Бугунги ёшлар– эртанги куннинг пойдевори. Уларнинг таътил давомидаги фаолияти тўғри ташкил этилиши, маънавий-маърифий жиҳатдан ривожланиши, интеллектуал салоҳияти ошиши устувор вазифаларимиздан биридир, – деди умумтаълим мактаби директори Акмал Мамаримов. – “Оқ қуш” оромгоҳи ана шу мақсадда амалга оширилаётган ишларимизнинг ёрқин намунасидир.

Оромгоҳ доирасида болалар учун турли йўналишлардаги тадбирлар — тарбиявий суҳбатлар, китобхонлик танловлари, ватанпарварлик дарслари, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи учрашувлар, спорт мусобақалари ва маданий ҳордиқ дастурлари ташкил этилади. Бу тадбирлар ўқувчиларнинг жисмоний, маънавий ва ақлий ривожини таъминлашга хизмат қилади.

Болалар учун барча шарт-шароитлар яратилган: шинам хоналар, дам олиш ва ўйин майдончалари, китоб бурчаклари, спорт иншоотлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳда тажрибали тарбиячилар ва педагоглар иш олиб бормоқда. Шунингдек, болалар хавфсизлиги, гигиена қоидаларига қатъий амал қилинмоқда.

– Ушбу кундузги оромгоҳ нафақат фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар учун ҳам катта ёрдам бўлди, – дейди туманда истиқомат қилувчи ота-оналардан бири Мақсуда Жонибекова. – Чунки ёзги таътил даврида болаларнинг уйда эътиборсиз қолиб кетмаслиги, билим, китобдан узоқлашмаслиги жуда муҳим. “Оқ қуш” оромгоҳи уларнинг таътилни мазмунли, фойдали ва дўстлар даврасида ўтказишига кенг имконият яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири