Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабда мўъжазгина яшил майдон ташкил этилди
11:32 / 2022-03-03

Президентимиз ғояси билан жорий йилнинг 1 мартидан мамлакатимизда “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси бошланди.

Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам баҳорги кўчат экиш уюшқоқлик билан давом этмоқда.  Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар бўш ерларга маҳаллий иқлимга мос турли дарахт кўчатларини экиб, яшиллик оламини янада кенгайтирмоқда. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали ходимлари ҳам мазкур лойиҳада фаол иштирок этиб, Термиз шаҳрида ўтган йил фойдаланишга топширилган 26-мактаб ҳудудига 50 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатини қадади. Ҳудудни ободонлаштириб, можавельник, повловния, олча сингари мевали-манзарали дарахт кўчатларидан иборат яшил майдон барпо этди.

–Барча замонавий шароитларга эга кўп қаватли янги таълим муассасаси айни пайтда воҳадаги энг йирик мактаб саналади, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали раҳбари ўринбосари Шодмон Мисиров.. – 1 минг 540 ўринли мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши ва келажакда Ватанимизга муносиб кадрлар бўлиб улғайиши учун барча шароит мавжуд. Ушбу таълим даргоҳида яратган мўъжазгина боғимиздаги яшил бойликларни бўш вақтимизда ўзимиз парваришлаймиз. Шакл берамиз, суғорамиз. Вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар маъмурчилигининг замонавий илғор усулларини кенг жорий этаётган жамоа шунингдек, ўзлари оталиққа олган Термиз туманидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши нисбатан оғир М.Эштемиров номли маҳалла ҳудудидаги бўш турган ерларга ҳам турли дарахт кўчатларини қадамоқда.  

Маълумотларга кўра, жорий йил баҳор фаслида воҳада 10 миллион донадан ортиқ кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Вилоятда 43 миллион донадан ортиқ турли мевали-манзаралари дарахт кўчати экиш учун тахт қилиб қўйилган. 


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА