English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабда ҳарбий-ватанпарварлик фестивали
12:45 / 2024-01-28

Сурхондарё вилоятида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, уларда Ватанга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, ҳарбий соҳага қизиқиш ва интилишларини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иқтидор ҳамда истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмлари шу мақсадда таълим муассасаларида   турли  ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ташкил этиб, ўқувчиларнинг она Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, буюк аждодларимиз анъаналарига ҳурмат туйғусини мустаҳкамламоқда.  

Термиз  гарнизонида  жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг вилоят марказидаги 26-мактаб ўқувчилари учун уюштирган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ҳам қизиқарли лаҳзаларга бой бўлди.

“Ёшлар ¬миллий армия нигоҳида” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, мактаб ўқувчи-ёшлари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фестивалда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, ёш авлоднинг ҳар тарафлама баркамол улғайиши учун кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Жаҳондаги ўта мураккаб ҳозирги шароитда ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг ўрни тўғрисида фикр алмашилди.  

Фестивалда фахрий қоровул ҳамда қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят кенгашининг спорт техникалари кўргазмаси ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбий оркестр ижросидаги Ватан, тинчлик, тўкин ҳаёт ва юртга садоқат мадҳ этилган куй-қўшиқлар барчага бир олам қувонч улашди.  

Холмўмин  Маматрайимов, ЎзА мухбири