Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб ва олийгоҳ ўртасида ҳамкорлик
12:53 / 2025-10-23

Паркент туманидаги 5-умумтаълим мактаби Чирчиқ давлат педагогика университети билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйди.

“Таълимда ҳамкорлик” деб номланган тадбирда университет ректори Ғофуржон Муҳамедов бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар ҳамда туман Мактабгача таълим бўлими мудири Жавлон Юсупов иштирок этди. 

Тадбир аввалида ректор ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашиб, университет ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотларни гапириб ўтди. Шундан сўнг мактабнинг физика лабораторияси учун оптика ҳамда механика тўплами, молекуляр термодинамика буюмлари совға сифатида тақдим этилди. Лаборатория жиҳозлари бўйича ёшлар учун тақдимот қилиниб, намойишли тажриба ҳам ўтказилди. 

Бундан ташқари, аниқ фанлар факультетининг доценти Кушербай Суяров, физика кафедраси мудири Азлархон Тиллабоев, катта ўқитувчилар Шероз Нурмаматов, Абдураззоқ Эрназаров, Сайёра Шерматова, ўқув-лаборатория ходими Жамил Мавлонов мактабнинг 9-, 11-синф ўқувчилари билан маҳорат дарсларини ўтказди. Жараёнда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. 

Шунингдек, тадбир якунида Чирчиқ давлат педагогика университети 5-мактаб билан ҳамкорлик шартномаси имзолади. Унга кўра, олийгоҳ томонидан мактаб билан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ўқув дастурларини, ўқув-методик ва норматив материалларни ишлаб чиқаришда кўмаклашади. 

Шу билан бирга, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этишда, инновацион ва технологик ғояларни ривожлантиришда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқаришда яқиндан ҳамкорлик қилади. Якунда мактаб кутубхонасига университет профессор-ўқитувчиларининг илмий адабиётлар тақдим этилди. 

А.Мусаев, ЎзА.