Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб ўқувчилари “Дамас” ўғирлади
11:12 / 2020-02-11

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ўқувчилар томонидан олиб қочилган “Дамас” русумли автотранспорт Оҳангарон тумани ҳудудида ушланди.


Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ўқувчилар томонидан олиб қочилган “Дамас” русумли автотранспорт Оҳангарон тумани ҳудудида ушланди. 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, фуқаро С.Холматовнинг “Дамас”и 6 февраль, кундуз куни уйи олдидан олиб қочиб кетилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ички ишлар бўлими томонидан зудлик билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноят шаҳардаги 4-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари Б. Ғ ва Ё.Т томонидан содир этилгани аниқланди.

“Дамас” ўқувчилар томонидан Оҳангарон тумани “Бирлик” маҳалласи ҳудудида бошқариб кетилаётган вақтда ушланган. Ўқувчилар ушбу ҳолатда ички ишлар бўлими ходимларига қаршилик кўрсатиб, қочаётган вақтида йўл транспорт ҳодисасини ҳам содир этиб, автомобилга жиддий зарар етказган.

4-умумтаълим мактабида ўқувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари иштирокида мазкур ҳолат, жиноят сабаби ва оқибатлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ички ишлар бош бошқармаси 2-минтақавий мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник Х.Қодиров ўқувчиларга тенгдошларининг ушбу қилмиши жиноятнинг оғир тури ҳисобланиб, ушбу турдаги жиноят учун 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини таъкидлади.

“Дамас” олиб қочилиши билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритилишича, ўқувчилар жиноий гуруҳ бўлиб, автоулов ўғирлаш билан бирга, машина салонидаги айрим қисмларни ҳам сотиб юборган. Янада ачинарлиси, машинадан 3 кун давомида фойдаланиб, ҳаттоки, мактабга ҳам миниб келган.

Йиғилишда шаҳар ҳокими ўринбосари С.Аҳмедов, ИИБ вакиллари томонидан ушбу ҳолатга эътиборсиз бўлган жамоатчилик, жумладан, мактаб маъмурияти ва синфдошларининг совуққон муносабати қораланди.

Шунингдек, мазкур ҳолатда бир жиноят бошқа жиноятга ҳам сабаб бўлгани, аслида, жамоатчилик, хусусан мактаб маъмурияти ва 11-синф ўқувчиларининг синфдошлари атрофидаги воқеаларга нисбатан бефарқ бўлмаганида ушбу жиноятнинг олди олиниши мумкинлиги, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олишда жамоатчилик назорати энг самарали усул эканига алоҳида эътибор қаратилди.