Ҳар бир соҳанинг ўз билимдони, мутахассислари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, тажрибаларини ўрганиш, имкониятларидан самарали фойдаланиш, айниқса, ёш йигит-қизларимиз учун ҳар жиҳатдан фойдалидир. Айни шу мақсадда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика "Баркамол авлод" болалар мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни университет ректори Б.Маҳкамов ва Республика "Баркамол авлод" болалар мактаби директори С.Маҳмудова имзолади.

— Меморандум доирасида "Баркамол авлод" болалар мактаблари тўгарак аъзолари учун Тошкент Ахборот технологиялари университетида мунтазам равишда очиқ эшиклар кунлари ташкил қилинади, — дейди Республика "Баркамол авлод" болалар мактаби директори С.Маҳмудова. — Соҳа мутахассислари ва талаба ёшлар тўгарак аъзолари учун қисқа муддатли амалий машғулотлар ўтказиш, жаҳон амалиётидаги тажрибаларни ўргатиш, техника, конструкторлик ва моделлаштириш йўналишларида кўрик-танлов ва мусобақалар ўтказиш учун жалб қилинади.
Бундан ташқари, "Баркамол авлод" болалар мактабларидаги иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида "ТАТУ Баркамол опен" челленжи ташкил этишга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА