Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб таълимини янги босқичга кўтариш истиқболлари белгилаб берилди
09:26 / 2022-02-01

Мактаб – халқ учун нон каби муҳим аҳамиятга эга эҳтиёж. Бугун бу ҳаётий ҳақиқат ҳар доимгиданда долзарблик касб этиб, ҳар биримиздан уни теран англамоқликни талаб этмоқда. Биз юксак мақсадларни кўзлаган халқмиз. Аммо бу мақсадга шунчаки эришиб бўлмайди. Бунинг учун кучли билим ва маънавиятга эга юксак салоҳиятли авлод керак бизга. Мактаб – ана шу авлодни етиштириб берувчи муқаддас даргоҳ. Демакки, миллатнинг тақдири – мактабнинг тақдирига боғлиқ. Куни кеча мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бутун жамият эътиборини яна бир бор ана шу муҳим масалага қаратди ва мактаб таълимини янги босқичга кўтаришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Айтиш жоизки, бу биз – соҳа ходимлари ҳаётида ниҳоятда муҳим воқеа бўлди ва зиммамиздаги масъулиятни янада кучайтирди. Давлатимиз раҳбари мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни санаб ўтар экан, уларга ечим сифатида таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотлар бошланишини маълум қилди. Бунинг натижасида ўқитиш методикаси, дарсликлар, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, муаллимларга муносиб шароитлар яратилади, уларнинг билим ва малакаси, дарс ўтишига талаб ҳам тубдан кучайтирилади. Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашларининг тузилиши, “Ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги” эълон қилиниши эса ислоҳотларнинг жадаллик билан амалга оширилиши ва кутилгандек самара беришига хизмат қилади. Жорий йилда 527 та мактабни қуриш ва реконструкция қилиш учун 2,5 триллион сўм, дарсликларни янгилаш учун 605 миллиард сўм маблағ ажратилиши – ўқувчиларга сифатли таълим бериш учун замон талаблари асосидаги шарт-шароитларга эга бўлиш имкониятини беради. Зероки, иқтидор ва истеъдод имконият бор жойда юзага чиқади. Юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш тизими яратилиб, Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилиши эса педагогларимизни янада руҳлантирди. Негаки, меҳнатининг муносиб қадрланиши, рағбат топиши – инсоннинг ўзига бўлган ишончини, касбига бўлган садоқатини ва масъулиятни кучайтиради. Ўз ўрнида бу мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси остида олиб борилаётган одилона сиёсатниг яна бир ёрқин намунаси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Йиғилишда, педагог кадрларни олийгоҳларда тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда Тошкент шаҳридаги 5 та, ҳудудлардаги 17 та педагогик кадрларни тайёрлайдиган олийгоҳларнинг факултетлари доимий тарзда мактабларга бириктирилиши белгиланди. Бевосита амалиёт уйғунлигидаги таълим талабани ўзи эгаллаётган касбининг масъулиятини чуқур ҳис этишга, ўқитувчи деган номга сазовор бўлиш учун қуруқ дипломгагина эга бўлиш кифоя қилмаслигини англаб етишга ундайди. Мактабларда ватанпарварлик дарсларини ташкил этилиши, мавжуд болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг умумтаълим мактабларига бириктирилиши, ҳар бир мактабда бахшичилик, мақом, эстрада, театр, рассомчилик йўналишларида тўгараклар ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг тузилиши ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиши ва уларнинг истеъдодларини юзага чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Дилфуза МУСТАФАЕВА,

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи