English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб таълимида муайян ютуқларга эришилиб, камчиликлар муттасил бартараф этилмоқда
10:11 / 2024-08-29

Пойтахтимизда «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ва тизимдаги муҳим ислоҳотлар» мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова соҳада олиб борилаётган ишлар, камчилик ва муаммоларга барҳам бериш борасидаги амалий чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берди.  

Ҳозирда вазирлик тизимидаги 10 мингдан ортиқ мактабда 1 миллионга яқин ўқитувчилар дарс ўтаётган бўлса, 37 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилотларида 8,7 миллион нафарга яқин тарбияланувчи хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида «Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси» асосида болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантириш учун шароитлар яратиш, болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш, ундан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, соҳада давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилди.  

[gallery-18988]

Натижада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада қўшимча 2 минг 678 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, 77,1 мингта қўшимча бола ўрни яратилди ҳамда қамров даражаси 74,6 фоизга етказилди. Ўтган вақт давомида 153 номдаги (5-11-синф) замонавий дарсликлар яратилди.  

Дарсликларни яратишда миллий ва халқаро таълимнинг илғор тажрибаларига таянилди, жараёнга 500 дан ортиқ олимлар, амалиётчи ўқитувчилар жалб этилди.  

Ўтган ўқув йилларда дарсликларда кузатилган хатоликларнинг олдини олиш учун қатор олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси институтлари билан тизимли ишлар олиб борилди, дарсликлар мазкур институтлар хулосалари асосида такомиллаштирилди.  

Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги таълим ташкилотларида фаолият юритаётган 262 минг нафардан ортиқ раҳбар ва педагог кадрлар малакаси оширилди, 138 нафар педагог хорижий давлатларда малака ошириб келди.  

Жорий йилда стажёр-ўқитувчилар касбий сертификатлаш, янги тартиб асосида малака тоифаларини бериш синовларига жалб этилди. 1633 нафар директорликка номзод тингловчи «Менежерлик ўқув курси»да ўқитилиб, уларнинг 1206 нафарига сертификат берилди, 114 нафари Директорлар кенгаши суҳбатидан ўтиб, директорлик лавозимига тайинланди.  

Ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тизими тубдан такомиллаштирилди.  

Мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш ўртача балл кўрсаткичи беш йилда 69,8 баллдан 78 баллга ошди. Жорий йилда максимал баллнинг 75 фоизидан юқорисини (141,75+ балл) эгаллаган 41 минг 9 нафар абитуриентнинг 32 минг 949 нафари ёки 80 фоизи айнан бу йил мактабни битирган ўқувчилардир.  

2023-2024 ўқув йилида Президент мактаблари SАТ халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказларга айлантирилди. Ушбу мактаблар битирувчиларининг 67 фоизи халқаро математика ва инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи (SАТ) сертификатларга эга бўлди. 

Президент мактаблари битирувчиларининг 100 фоизи муддатидан олдин нуфузли хорижий олийгоҳларда, Ижод мактаблари битирувчиларининг 56 фоизи муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олийгоҳларда ўқиш имкониятига эга бўлди. Ижод мактаблари битирувчиларининг 90 фоизи, ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларининг 56 фоизи халқаро ва миллий даражадаги сертификатларни қўлга киритди.  

Нуфузли халқаро ва минтақавий халқаро фан олимпиадаларида ёшларимиз эришган медаллар сони охирги йилларда 2,7 баробарга ошиб, 45 тадан (2022 йил 3 та олтин, 17 та кумуш, 25 та бронза) 121 тага (2024 йил 15 та олтин, 39 та кумуш, 67 та бронза) етди.  

Ўзбекистонлик ўқувчилар иштирок этадиган халқаро олимпиадалар сони қарийб 2 баробарга, уларда иштирок этадиган ўзбекистонлик ўқувчилар сони эса ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ортди.  

Хорижий мутахассислар жалб этилган 500 та мактаб ўқувчиларининг тил билиш даражаси 61 фоиздан 65 фоизга ошди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги қарорига асосан, 2024 йилда жами 608 та умумтаълим мактабларида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Шундан, жорий йилда 30 та янги мактаб қуриш ҳисобига 17,91 ва реконструкция қилиш ҳисобига 163,6 минг янги ўқув ўринлари яратилади. Шунингдек, 62 та мактабларнинг мавжуд бино-иншоотлари мукаммал таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилади.  

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида тизимда фаолият юритаётган 2 минг 51 нафар педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилиши, уларнинг меҳнатга мажбурланиши, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишга доир ҳолатларнинг олди олинди. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид 11 та ҳолатда мансабдор шахслар жами 47 миллион сўм миқдорда жаримага тортилди. Педагоглар қонуний ҳуқуқларининг бузилиши бўйича хабар беришнинг электрон тизимлари, жумладан, барча турдаги алоқа каналлари («Ишонч телефони – 71 202 09 09», электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт, телеграм бот ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар)га мурожаат қилиш имконияти яратилган бўлиб, уларнинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилган.  

Матбуот анжуманида таълим тизимига доир кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган турли муносабатлар хусусида ҳам фикр юритилди. Жумладан, фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларни муносиб тарзда рағбатлантириш ва бу борадаги ишларни давр талабига мос тарзда йўлга қўйиш, жойларда ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашдаги муаммоларга барҳам бериш, мактабларни аҳоли сонига уйғун тарзда ошириш, янги ўқув масканларини барпо этиш, ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақини ошириш, жойларда мактаблар балансидаги ерларнинг талон-тарож этилишига барҳам бериш борасидаги амалий ишлар, эришилган натижалар бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерларга батафсил маълумотлар берилди.  

Н.Усмонова, Аслиддин Алижонов (суратлар), ЎзА мухбирлари