English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб таълимида қатор ўзгаришлар назарда тутилмоқда
19:55 / 2020-03-01

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлади.


Эндиликда асосий эътибор фанларга ажратилган соатларга эмас, балки улардан самарали фойдаланган ҳолда сифатли таълим беришга қаратилади . Бу ҳақида халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарида маълум қилинган.

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий мажлисга мурожаатида мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур эканлигини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 14 август куни “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинган бўлиб, унда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 10 фоизга қисқартириш вазифаси белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирок этишига тайёргарлик кўриш бўйича Йўл харитаси”нинг 12-бандида “2019 йил декабрь ойидан бошлаб, илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва ўқув адабиётлари мазмунига босқичма-босқич ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” вазифаси белгиланган.

Шунингдек, PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро баҳолаш дастурида ўқувчиларнинг саводхонлик даражаларини аниқлашда компьютер симуляцияли интерфаол топшириқлардан фойдаланилади ва барча синовлар компьютер техникаси ёрдамида амалга оширилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокори томонидан 2018 йил 27 апрелда тасдиқланган Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида 1-4-синф ўқувчиларининг ҳафталик ўқув соати жами 88 соат этиб белгиланган. Амалда бу соат 98,5 соатни ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 10,5 соат ошиб кетган. Шу сабабли, бошланғич синфларнинг ўқув соати Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлаштирилди.

Жумладан, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” фанларини бирлаштирилиб, ягона “Тарбия” фани жорий қилинди. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 1-11-синфларида “Тарбия” фанига 1 соатдан ажратилмоқда.

Она тили ва адабиёт фани бўйича етакчи олимлар, соҳа мутахассислари ва амалиётчи ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳи томонидан хорижий давлатларда она тили ва адабиёт фанининг ўқитилиши таҳлил қилинди.

Ўзбекистон умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт фанининг ўқув дастурлари хорижий тажрибалар асосида ўқувчиларда тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш ва оғзаки нутқ кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган ҳолда такомиллаштирилди.

Янги умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада она тили ва адабиёт фанини ҳафтада 57 соат, йиллик жами 1938 соат ўқитилиши белгиланган.

Ўқув дастурларни чуқур таҳлил қилиш натижасида муомалада ишлатилмайдиган қоидалар, мураккаб грамматикага оид, олий маълумотли филолог мутахассисини тайёрлашга йўналтирилган мавзулар ўқув дастурларидан қисқартирилди.

Хусусан, 5-синфда она тили ва адабиёти фанидан 30 та мавзу, 6-синфдан 17 та мавзу чиқариб ташланди. Шунингдек, 5-синфдаги 40 та мавзу, 6-синфда 23 та мавзу юқори синфларга ўтказилди.

Шунингдек, янги ўқув йили учун тасдиқланган таянч ўқув режасидаги ўқув соатлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокори томонидан 2018 йил 27 апрелда тасдиқланган Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослаштирилди.

Афсуски, мазкур фанларни ўқитишга ажратилаётган соатлар ҳажми, жалб этилаётган ўқитувчилар сонига кўра халқ таълими тизимига ўқитиш учун ажратилаётган маблағларнинг энг катта қисми сарфланаётган бўлса-да, ўқувчиларнинг саводхонлик даражаси пастлигича қолмоқда. Энг ачинарлиси, ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам ўз мутахассислиги бўйича етарли компетентликка эга эмаслиги Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тест синовлари натижасида маълум бўлди.

Аслида ўқувчиларга бирор билимни ўргатиш унга ажратилган соатда эмас, балки уни ўргатиш методикасига боғлиқ. Масалан, айрим ўқитувчилар битта мавзуни соатлаб ўқувчиларга тушунтиради, лекин ўқувчилар бу мавзуни етарлича тушунмайди. Бу борада тажрибали ўқитувчи эса ўша мавзуни 10-15 минутда қизиқарли тарзда ўқувчиларга тушунтиради. Шундай экан, фанга ажратилган соатга эмас, балки уни ўқитиш методикасини кучайтириш зарур бўлади.

“Она тили” дарсликларини таҳлил қилиш натижасида кераксиз, тил малакаси учун “ишламайдиган” жуда кўп мавзулар чиқариб ташланди.

Шунингдек, илм-фаннинг устувор йўналишлари сифатида математика, кимё, биология ва геология соҳалари белгиланган.