Бугунги глобаллашув даври, ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига муттасил ўз таъсирини ўтказаётган бир мураккаб пайтда мактаб психологлари зиммасида улкан вазифалар мавжуд.
Пойтахтимизда бошланган “Ўқувчи шахсиятини шакллантириш ва психоэмоционал ҳолатдаги муаммолар ҳамда уларнинг олдини олиш” мавзусидаги ўқув семинар айни долзарб масалага бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Семинар Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев ва бошқалар бугунги давр мактаб психологлари зиммасига улкан ва масъулиятли вазифаларни юклаётганини таъкидлади.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан тасдиқланган жорий йилги Давлат дастурида таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган.
–Бугун ёшларнинг қизиқишлари умуман бошқача, – деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов. – Болаларга ижтимоий тармоқларнинг таъсири кучли бўлиб турган ҳозирги даврда ёш авлод тарбияга ўзига хос тарзда ёндашув талаб этилмоқда. Улғайиб келаётган авлодни шахс сифатида шакллантиришда психологларнинг хизматлари улкан. Бугунги семинар учун 2 муҳим тарқатма материал тайёрланди. Биринчиси, ота-оналар билан ишлашга оид қўлланма бўлса, кейингиси психологлар учун қўлланма. Ушбу тадбир доирасидаги машғулотларда психологлар ҳозирда қандай тамойилларга таяниб ишлашлари керак, деган масала батафсил муҳокама этилади.
–“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида буллинг, аутодеструктив хулқ-атвор, ёшларнинг жиноятчиликка қўл уриши, шунингдек, педагогларнинг руҳий чарчаши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактаблардаги психологик хизматларни тобора такомиллаштириш муҳим вазифа этиб белгиланган, – деди Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Юлия Рисюкова. – Шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда бизнинг марказимиз томонидан янги психологик-методик ресурслар яратилди. Икки кунлик семинар давомида ана шу янгича ёндашув асосидаги ресурсларнинг мазмун-моҳияти семинар иштирокчиларига батафсил тушунтирилади.
Семинар давомида мавзуга оид долзарб масалалар моҳир экспертлар, мутахассислар, мактаб психологлари томонидан кенг, атрофлича таҳлил этилади.
Ўз навбатида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган энг маҳоратли психологлар бу йўналишдаги билимларини дастлаб вилоят, кейинчалик туман, таълим маскани миқёсида босқичма-босқич тарзда юртимизнинг барча мактаб психологларига етказади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири