Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб психологида масъулият билан бирга жавобгарлик ҳам бўлиши керак (+видео) 
17:08 / 2024-03-04

Бугун мактабларда психолог нима учун керак? Нега айримларининг фаолияти кўнгилдагидек эмас? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова билан мавзу юзасидан суҳбатлашдик.

– Психолог нафақат мактабларда, балки ҳамма жойда керак, – дейди У.Раҳмонова. – Нафақат болаларнинг билим олиши, жисмоний ўсиши, балки руҳий ҳолати билан ҳам қизиқиш давр тақозоси. Чунки биз хоҳлаётган тарбияли, билимли, зукко инсонни биринчи навбатда руҳияти соғлом бўлиши зарур. Бу эса психологларга эҳтиёж борлигини сездиради. 

–Илгари ҳар бир ота-она ўз боласининг муаммосини ўзи еча олган. Нега бугунги болаларнинг руҳиятига йўл топиш қийин? 

–Чунки технология шу қадар ривожландики, улар орқали болалар онгига кириб келаётган ёт ғоялар, таъсирлар, уларга оғишмалар жуда кўп. Ана шундай ёмон ғоялардан болаларимизни асрашимиз керак. Улар тўғри ва нотўғрини англаши учун руҳияти соғлом бўлиши лозим. Шу боис психологга ҳар қадамда эҳтиёжимиз бор. 

Ҳаттоки мактабгача таълим муассасаларида ҳам психолог штати жорий қилинган. Кичик ёшдаги болалар бугун нимани ўйлаяпти, нега атрофидаги болалар билан бошқача муносабатга киришяпти, унинг руҳий ҳолати қандай каби саволларга биз фақат психолог орқали жавоб топа оламиз. 

—Бугун психологлар бола билан ишлашда нималарга эътибор беришлари керак? 

— Психолог штати шунчаки иш излаб келганларнинг жойи эмас. Болаларни яхши кўрадиган, ўз ишини яхши биладиган ҳақиқий мутахассисларнинг жойи. Бугун психологлардан бола билан ишлашда жуда кўп нарса талаб қилинади. Энг аввало у боланинг энг яқин дўстидек бўлиши керак. Чунки бола ҳамма гапни ҳам бировга айтавермайди. У ўз онасидан ниманидир яширяптими, психологга ишониб айтиши зарур. Боланинг гапи сир сақланиши ва унинг муаммоси психолог орқали ечим топишини, руҳий ҳолати эркин бўлганини ҳис қилиши керак. 

— Айрим мактабларда 500, баъзиларида 2000 нафар ўқувчи ўқийди. Айтингчи, битта ёки иккита психолог шунча ўқувчининг руҳиятини ўргана оладими? 

—Психолог ўқувчиларнинг муассасада тарбияланиши, ўқитилиши, оиладаги муносабатлари, унинг ривожланишига бошқа дўстларининг таъсири каби ҳолатларни ўрганиши керак. 

Тўғри, мингта ўқувчи билан бирданига шуғулланиш жуда қийин. Лекин, алоҳида, эътибор талаб қиладиган ўқувчилар бор. Масалан, оилавий шароити носоғлом ёки ўзи сал шўхроқ болалар рўйхатини шакллантириб, улар билан кўпроқ ишлаши керак. 

Бошланғич синфда болага унча психолог керак бўлмайди. Лекин ёшдан ёшга ўтиш пайти, яъни балоғат даврида болалар билан кўпроқ шуғулланишга тўғри келади. Чунки улар бу ёшда оддий даккини ҳам мени хоҳламаяпти, ёқтирмаяпти, сиқиб чиқаряпти, ажратяпти деган хаёллари бўлади. Мана шу даврда психолог билан ишлаш жуда муҳим. Айрим мактабларда психологлар ўз вазифасини намунавий тарзда олиб боришяпти. Бу ўз касбини севиш, масъулиятни ҳис қилиш билан боғлиқ. 

– Уларнинг фаолиятини янада ошириш учун қандай таклифлар берасиз? 

–Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳали у мактабда қайсидир ўқувчига қўл кўтарилган, ҳали бу мактабда болани изза қилишган, қизларнинг “самосуди” каби ҳолатлар акс этган видеолавҳалар жуда оммалашди. Демак, ана ўша мактабларда психолог фаолияти билан боғлиқ камчиликлар бор. Чунки ҳеч қайси муаммо бир кунда пайдо бўлмайди. Психолог масъулият билан биргаликда жавобгарликни ҳам зиммасига олиши керак. 

Бугунги маҳалла еттилиги фаолиятини иш самарадорлигига, ўқитувчиларни эса ўқувчиларнинг фан олимпиадаларидаги иштироки, дарсларни ўзлаштиришига қараб баҳолаяпмиз. Психологларни ҳам баҳолаш тизимини йўлга қўйиш керак. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1nQgB39wk-A" title="Мактаб психологида масъулият билан бирга жавобгарлик ҳам бўлиши керак" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов (видео), ЎзА