Бу йилги ёзги таътил ўқувчилар учун таассуротларга бой ўтмоқда. Боиси улар бўш вақтларини сўлим гўшаларда ташкил этилган оромгоҳларда ўтказмоқда. Бунда умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ва у ерда ташкил этилган турли хил тўгараклар болажонларга олам-олам қувонч улашмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида жами 568 нафар ўқувчи 13 турдаги тўгаракларга жалб этилган. Ёзги таътилни мароқли ўтказиш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан 10 июнь кунидан бошлаб тумандаги 2-4-5-7-74-81-умумтаълим мактаблари қошида 9 тармоқ тўгараклари фаолияти ташкил этилди. Тўгаракларда 157 нафар ўқувчи қамраб олинди.
[gallery-12950]
Шунингдек тумандаги “Ёш алангачи”, “Алоқачи”, “Нурафшон” стационар соғломлаштириш оромгоҳларида еттита тўгаракка 224 нафар ўқувчи қамраб олинди. Мактабнинг ўзида эса 10 тўгаракка 187 нафар ўқувчи жалб қилинди.
Ташкил этилган спорт тўгараклари ўқувчиларнинг соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган бўлса, тасвирий санъат, мусиқа ва фан тўграклари уларнинг ақлий қобилиятини чархланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.