Истеъдодли ёшлар – юрт келажаги
Ёш бўлсада, ҳозирдан юксак марраларга интилаётган ёшлардан бири Жавоҳир Мақсудов Хоразм вилоятида таваллуд топган. Ҳозир Урганч шаҳридаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфида таълим олади.
Жавоҳир ҳали ўқувчи бўлишига қарамай, замонавий касбларни ўрганган ҳолда ўқиш билан бир қаторда ишлаб даромад топмоқда. У 15 ёшидан замонавий касбларга қизиқиб, ITнинг дастурлаш, копирайтинг, график дизайн, мобилография, монтажёрлик, визуал пиар ҳамда СММ йўналишларини мукаммал ўрганишни бошлаган.
– Бир куни отам уйга қўлида ноутбук билан кириб келди, – дейди қаҳрамонимиз. –Ўғлим, техника ривожланган жамиятда яшаяпмиз. Сен компьютерда бемалол ишлай олишинг, агар у бузилиб қолса, бемалол ўзинг тузатишинг лозим, – дея маслаҳат бердилар. –Ўшанда эндигина 9 ёшга қадам қўйган бола эдим. Отамнинг бу маслаҳати IT соҳасини жиддий ўрганишимга туртки бўлди. Умуман, отамнинг барча ўгитларига амал қиламан. Ўз устимда ишлашдан чарчамайман. Чунки, олдимга қўйган мақсадларим катта. Истаймизми- йўқми, ҳаёт курашиш, рақобатдан иборат. Бу курашда албатта ақлли, билимли, меҳнат қилган ғолиб бўлади.

Айни вақтда Жавоҳир замонавий касбларни ўрганиш туфайли креатив фикрлайди. Қобилияти, ижодий салоҳияти сабабли “KHISO Olympiads School, “Урганч соҳил бўйи уйлари” қурилиш компанияси, “Unify” ўқув маркази ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг Хоразм вилояти бошқармасида дастурчи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Жавоҳирнинг ўз ишига сидқидилдан ёндашувини кўрган иш берувчилар уни энг замонавий технология воситалари билан таъминлаган. Унинг ойлик даромади 500-600 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Жавоҳир фақат IT соҳасини ўрганиш билан чекланиб қолмаган. Қаҳрамонимиз инглиз тилидан IELTSга имтиҳон топширганида 6,5 баллни қўлга киритганлигини таъкидлади. Ҳозир Жавоҳир “Westminster” халқаро университига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Унинг мақсади IT йўналишида янада чуқур билимларга эга бўлиш, соҳанинг янги қирраларини кашф этиш ва билганларини ёшларга ўргатишдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА