English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мaктaб ўқувчилaри журнaлистик ўқув жaрaёнлaри билaн тaнишди
10:00 / 2020-12-22

Ҳар бир соҳада салоҳияти ёшларнинг фаолият олиб бориши давлат ривожи учун муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда ёшларнинг ташаббус, лойиҳа ва ғояларини амалиётга татбиқ этишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Ўқувчи ёшлар билим ва кўникмалари сифатини янада ошириш, мактаблардаги таълим шароитларини ўрганиш, педагогларнинг салоҳиятини таҳлил қилиб, мавжуд бўшлиқларни аниқлаш, мактабларда таълим самарадорлигини ошириш бўйича тегишли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудлардаги умумтаълим масканлари ҳар бир олий таълим муассасаларига бириктириб берилган эди.

Жумладан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига Тошкент шаҳридаги 316, 113, 85, 80, 40-сонли мактаблардаги жараённи ўрганиш ҳамда ўқиш сифатини таҳлил қилиб, мавжуд камчиликлар бўйича амалий ечимлар бериш юклатилганди.

Мазкур ой давомида ЎзЖОКУ раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари Тошкент шаҳрида жойлашган бир қатор мактабларда бўлиб, ўқув масканлари фаолияти, ўқувчилар ҳаёти билан танишди. Муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, мактабларда ўқув сифатини ошириш бўйича тизимли лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришилди. Ҳаракатлар режаси билан ишларни мувофиқлаштириш учун устувор йўналишлар белгиланди. Шунингдек, тегишли кафедраларни мактабга бириктириш ишлари амалга оширилди.

Жараён университет ходимларининг мактаблар ҳаёти билан танишиши орқали якунланибгина қолмади. Мактаб жамоаларининг ҳам Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига келиб, ўқув жараёнларини кузатиши йўлга қўйилди.

Хусусан, 40-умумий ўрта таълим мактаби директори раҳбарлигида ўқитувчи ва ўқувчилар университетда бўлишди. Меҳмонларга ЎзЖОКУ фаолияти, анъаналари, қадриятлари, профессор-ўқитувcҳилари ҳақида маълумот берилди.

– Таълим даргоҳимизнинг ўз радио ва телестудияси мавжуд, – дейди университетнинг Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факултети декани Равшан Райимжонов. – Бу студиялардан нафақат талабаларимиз, шунингдек, соҳага иштиёқи баланд мактаб ўқувчилари ҳам амалиёт майдончаси сифатида фойдаланишлари мумкин. 

Журналистикага қизиқувчи ёшларнинг мазкур соҳани ичидан, чуқурроқ ўрганишлари учун университетимизда барча шароитларни яратиб берамиз, фақатгина талабгорлар шижоатли ва масъулиятли бўлишса, бас.

Ўқувчилар университет ҳаёти қандай бўлиши, қай турдаги фанлар ўқитилиши каби ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Диёрахон Набижонова,

ЎзЖОКУ талабаси