Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар учун электрон ресурсларни ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Унда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК томонидан фойдали онлайн ресурслар, платформа ва порталлар учун қўшимча электрон контентлар ишлаб чиқилди ҳамда кенг оммалаштириш бўйича ижтимоий тармоқларда тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Жумладан, ўқувчилар дарсларни ўзлаштириши ва такрорлаши учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек мактабдан ташқари таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Maktab.uz масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда Maktab.uz порталига Халқ таълими вазирлиги учун “Онлайн мактаб” телеканаллари учун ишлаб чиқилган 1-11 синфларга мўлжалланган 7 минг 500 дан ортиқ мактаб ўқув дастури бўйича тайёрланган видеодарслар ҳамда уларнинг 2 минг 400 дан ортиқ тақдимотлари юкланган.
Бундан ташқари 2021 йил давомида 1-4 синфлар учун 7 та фандан жами 84 та анимацион видеодарс кўринишидаги ресурслар, 5-8 синфлар учун 5 та йўналиш бўйича 100 дан ортиқ, 9-11 синфлар учун 12 та йўналиш бўйича 250 дан ортиқ видеодарслар мактабдан ташқари таълим контенти сифатида ишлаб чиқилган ва Maktab.uz порталига босқичма-босқич жойланади. Шунингдек, порталда ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган қўшимча электрон таълим ресурслари ҳам жойлаштириб борилмоқда.
– Ўқувчиларда китобхонликни янада оммалаштириш мақсадида Kitob.uz порталини тарғиботи натижасида жорий йил январь ойида порталга ташриф буюрувчилар сони 16 мингтани ташкил қилиб, уларнинг 93 фоизи янги ташриф буюрувчилар ҳисобига тўғри келди, – деди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. – Kitob.uz – 4000 тага яқин электрон ва аудио китобларни ўз ичига олган бепул онлайн кутубхона ҳисобланади. Шунингдек, kitob.uz портали мобиль иловаларнинг юклаб олишлар сонида ҳам кескин кўтарилишлар юз бериб, Android ва iOS мобиль версиялари ҳисобида умумий юклаб олишлар сони қарийб 20 минг мартани ташкил қилмоқда.
“EduKids” лойиҳаси доирасида яратилган 100 дан ортиқ илмий-оммабоп анимацион дайжестларни кенг оммага тарғиботи натижасида телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жойлаштириб борилаётган дайжестларнинг ўртача кўрилиш сони 50 мингтани ташкил қилмоқда.
“EduKids” – ўқувчи-ёшлар учун мўлжалланган бўлиб, ёш авлодни келажакда муваффақиятга эришиш ва ўз устида ишлашга чақириш, шунингдек ўқувчиларда маълум бир мавзулар бўйича аниқ тасаввурини шакллантириш, унда ота-оналар, жамият ва ўқитувчиларнинг ролини янада оширишни мақсад қилган 100 дан ортиқ илмий-оммабоп анимацион дайжестлар тўпламидир.
“Smartland” таълим платформаси мобиль иловаларини қишки таътил даврида юклаб олишлар сони 5 минг 774 тани (Google Play) ва 100 тани (App Store) ташкил этади. “Smartland” лойиҳаси 15 та фан бўйича рус ва ўзбек тилларидаги 136 та ўйин ҳамда 2008 та машқларни ўз ичига олган интерактив виртуал таълим платформаси ҳисобланади. Мазкур таълим платформасининг iOS ва Android операцион тизимлари учун мўлжалланган мобиль иловаси ишлаб чиқилган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА