Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари доирасида иккита умумтаълим мактабида “Статистика синфлари” ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 октябрдаги 629-қарорида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иккитадан умумий ўрта таълим мактабида рўйхатга олишнинг аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини оммалаштириш мақсадида “Статистика синфлари”ни ташкил этиш белгиланган. Шунга мувофиқ Қизириқ туманидаги 36- ва Термиз шаҳридаги 8-умумтаълим мактабларида иш бошлаётган “Статистика синфлари” замонавий компьютер ва зарур мебель жиҳозлари билан таъминланди.



Янги синфхоналарда нафақат ўқувчиларнинг рақамли саводхонлиги оширилади, балки мамлакатимизда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишдек йирик тадбирларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш, рақамлар билан ишлаш ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини юксалтиришга қулай имконият яратади. Келажакда иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳалари учун кучли мутахассислар тайёрлашда ўзига хос интеллектуал таълим майдон бўлиб хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири