Мактаб ўқувчилари шахматга ўқитилмоқда
Бухоро вилоятидаги 11 та умумтаълим мактабда даставвал тажриба-синов тариқасида 2-,3-,4-синф ўқувчиларини шахматга ўқитиш тизими жорий этилган эди.
Мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган, мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг шахмат турига кенг жалб этиш борасида амалга оширилган бу лойиҳа ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Айни пайтда бундай мактаблар сони 50 тага кўпайиб, жами 11 минг 800 нафар ўқувчи қамраб олинди. Ушбу мактабларнинг ҳар бирида “шахмат хонаси” ташкил этилган бўлиб, барча зарурий жиҳозлар билан таъминланган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.