Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа этиб белгиланди.
Бу борада Бухоро вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, шаҳар, туман ва маҳаллаларнинг хусусияти, имкониятидан келиб чиқиб, ўқувчиларга мактабнинг ўзида турли хил ишчи касбларни ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда мавжуд 13 шаҳар ва туманларда намуна сифатида биттадан мактаб танлаб олинган. Уларда ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларга ўргатиладиган касблар белгиланди.

Бухоро шаҳридаги 4-, Пешку туманидаги 1-, Ромитан туманидаги 1-, Ғиждувон туманидаги 60-ИДУМ ҳамда Когон шаҳридаги 9-, Бухоро туманидаги 18-, Вобкент туманидаги 8-, Шофиркон туманидаги 11-, Жондор туманидаги 21-, Когон туманидаги 11-, Олот туманидаги 9-, Қоракўл туманидаги 53-, Қоровулбозор туманидаги 4-умумтаълим мактабларида маҳаллий ҳокимликлар ёрдамида касб-ҳунарга ўргатиш хоналари ташкил этилиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

Мазкур мактабларда ўқувчиларга тикувчилик, зардўзлик, каштачилик, сартарошлик, нон маҳсулотлари ва пишириқлар пишириш, қандолатчилик, сантехника, чарм ва мўйначилик, мебелсозлик, дурадгорлик, пойабзалчилик, электр пайвандлаш, чилангарлик, лимончилик, ошпазлик, АКФА цехи ишчиси, работотехника, IТ дастурчиси каби 20 дан ортиқ касб-ҳунарларни ўргатиш учун қулай шароитлар яратилган.


Айни пайтда ушбу мактабларда жами 30 нафарга яқин тадбиркорлар жалб этилган бўлиб, уларнинг фаолияти таътил жараёнида ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ўз қизиқишлари асосида касб-ҳунар ўрганишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА