Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб ўқувчилари чемпион билан учрашди
17:36 / 2022-12-26

Навоий вилоятининг Хатирчи тумани “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Давлатбек Абдумуротов жорий йилнинг 10-14 декабрь кунлари спортнинг кикбоксинг тури бўйича Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 67 кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтарди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хатирчи туман бўлинмаси томонидан Д.Абдумуротов ўқиган 9-умумтаълим мактабида “Чемпион ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жойларда аҳолининг барча қатламлари орасида спортни кенг тарғиб қилишга, спорт билан шуғулланувчилар сонининг ошишига хизмат қилмоқда. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Хатирчи туманида ҳам кўплаб спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хатирчи туман бўлинмаси томонидан ёшлар, мактаб ўқувчилари, маҳалла фаоллари иштирокида спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат, шашка, волейбол ва кураш турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.

Жорий йил ноябрь ойида стол тенниси бўйича 13-16 ёшли ўсмирлар ўртасида “Маҳалла кубоги” республика турнирининг Навоий вилоят босқичида тумандаги “Чинобод” маҳалласи ёшлари Шербек Нуриддинов ва Юлдуз Садриддинова фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида фаол иштирок этди. Келгуси 2023 йилда эса Хатирчи туманининг олис “Кўксарой” маҳалласида маҳалла ёшлари учун спорт майдончаси қуриб бериш режалаштирилган.  

Учрашув сўнгида Фонд томонидан Осиё чемпиони Д.Абдумуротовга эсдалик совғалари топширилди.

А.Бўриев, ЎзА