Амалдаги қонунчиликка кўра, ота-оналар олий ўқув юртлари ёки нодавлат мактаб ва боғчаларда ўқийдиган фарзандларига таълим тўловларини ўз ойлик иш ҳақларидан тўлаб берсалар, 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин. Бу тартиб ўзи ишлаб, ўз контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади. Аммо ота-оналар бунда 26 ёшга тўлмаган фарзандлари учунгина тўлов қилган бўлишлари керак эди.
Эндиликда эса ота-оналарга фарзандларининг ёшидан қатъи назар, уларнинг таълим олиши учун йўналтирилган тўловларга нисбатан солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имконияти берилмоқда.
Шунингдек, фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларига ҳам шундай имтиёз берилади.
Ушбу тартиблар "Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига профессионал ва олий таълим олишни янада рағбатлантиришга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топмоқда.
[gallery-15081]
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида атрофлича кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Шунингдек, йиғилишда "Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, ёнғинлар профилактикаси соҳасида тизимли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, аҳолининг маиший ҳаётида ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга хизмат қилади.
Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бундай тоифадаги ҳуқуқбузарликларга доир ишларни кўриб чиқиш бўйича ягона ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
Отабек Мирсоатов(сурат),
ЎзА