English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб маслаҳатчисининг замонавий роли ва функцияларини амалга оширишнинг самарали услублари
15:30 / 2025-05-30

Юртимизда иқтидорли ўқувчилар жуда кўп. Улар наинки Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, балки умумтаълим мактабларида ҳам бисёр. Таълим олишга иштиёқи баланд ўқувчиларни нуфузли олий таълим масканларига йўналтириш долзарбдир. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Мактаб маслаҳатчисининг замонавий роли ва функцияларини амалга оширишнинг самарали услублари” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда тизимдан 200 дан зиёд мактаб маслаҳатчилари иштирок этди.

Ўқув-машғулотларини олиб боришга 10 дан ортиқ  маҳаллий  ва халқаро таълим экспертлари жалб этилди. Ўқув-машғулотлари давомида мактаб маслаҳатчилари ўз билимларини ошириш, ўқувчиларни халқаро таълим грантларига йўналтиришга оид аниқ вазифаларни белгилаб олиш бўйича ҳам янги кўникмаларга эга бўлди. 

Хусусан, нуфузли хорижий олий ўқув юртлари мисолида қабул жараёнининг асосий босқичлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Мотивацион хат, тавсияномалар, CV ва академик транскриптларни тўғри тайёрлаш бўйича кўрсатмалар, халқаро сертификатларнинг қабул жараёнидаги аҳамияти, интервью ва университет вакиллари билан мулоқотга тайёргарлик бўйича амалий тавсиялар берилди.

Махсус интерактив сессиялар ташкил этилиб, глобал таълим соҳасида илғор тажриба ва инновацияларни муҳокама қилиш, ёшларимизни халқаро таълим майдонида муваффақиятли иштирок этишини таъминлашга доир янги таклиф ва ташаббусларни илгари суриш имконияти яратилди. 

2025 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур амалга оширилиши белгиланди. 

Миллий дастур асосида мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг нафар ўқувчи танлаб олиниб, уларни AҚШнинг Гарвард, Йел, Колумбия, Корнелл каби олийгоҳларига тайёрлаш, бунда Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилиши кўзда тутилган.

Aгентлик томонидан ташкил этилган “Мактаб маслаҳатчисининг замонавий роли ва функцияларини амалга оширишнинг самарали услублари” мавзусидаги ўқув-семинари Президент, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари маслаҳатчиларининг касбий маҳоратини ривожлантириш ва умумтаълим мактабларида таҳсил  олаётган ўқувчиларни нуфузли хорижий университетларга йўналтириш тизими самарали жорий этилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

–Ушбу семинарда дунёнинг топ университетлари стратегияси – портфолио, тадқиқот, амалиётлар, дарслардан ташқари машғулотларда ўқувчиларни қандай йўналтириш ўргатилди, – деди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги ихтисослаштирилган мактаб маслаҳатчиси Одина Тўхтабоева. – Шунингдек, асосланган тренерлар томонидан Халқаро университетларга ҳужжатлар топшириш платформалари, ота-оналар ва устозлар билан иш олиб бориш, мактаб ўқувчилари учун фойдали онлайн манбалар каби мавзуларда дарслар ўтилди. Шу билан бирга, хорижий ва маҳаллий тренерлар иштирокида замонавий мактаб маслаҳатчисининг роли ва функциялари, иншо ёзиш, мактаб ҳужжатларини юритиш, юқори грантларни қўлга киритиш бўйича ҳам тавсиялар берилди. Жараёнлар интерфаол тарзда ташкил этилиб, турли тақдимотлар олиб борилди.

– 10 дан ортиқ давлатда ёшларни нуфузли университетларга йўналтириш бўйича машғулотларда дарс берганман, – деди Буюк британиялик эксперт Тимофей Жервис. – Ўзбекистонда ҳам бу борада керакли билимларни бердик. Зеро, бугун ёшлар иқтидорини тўғри йўналтириш муҳимдир.

Айтиш керакки, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 185 та ихтисослаштирилган мактаб, Баҳодир Жалолов номидаги боксга ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари, “Янги Ўзбекистон” университети, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази, Фан олимпиадалари маркази фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган 2023/2024 ўқув йилида Президент мактаблари битирувчиларининг 80 фоизи (255 нафари) SAТ сертификатига эга бўлди ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошди. Битирувчиларнинг 100 фоизи халқаро тил билиш сертификатларига эга бўлди. Кембриж Халқаро A-level имтиҳонларида битирувчиларнинг 70 фоизи юқори натижага эришди.

Хусусан, Президент мактаблари ўқувчиларининг 100 фоизи муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олийгоҳларда ўқиш имкониятини қўлга киритди. Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 2 нафар ўқувчиси дунё рейтингида 4-ўриндаги Гарвард университетига, 17-ўриндаги Принстон университетига 100 фоизлик грант асосида ўқишга қабул қилинди. 

Бу кўрсаткич кейинги 5 йилда 23 поғонага кўтарилган. Шунингдек, Президент мактабларининг 31 нафар, Ижод мактабларининг 9 нафар, ихтисослаштирилган мактабларнинг 15 нафар битирувчиси “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси соҳиби бўлдилар.

Семинар якунида иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири