Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактаб маслаҳатчиси лавозимига тест синовлари ташкил этилди.
Жараёнлар республиканинг 14 та ҳудудида марказлашган ҳолда, tanlov.uzedu.uz платформаси орқали реал вақт режимида (онлайн) ўтказилди.
Унда 3400 та мактаб маслаҳатчиси лавозими учун аризалари муваффақиятли қабул қилинган 10 минг нафардан ортиқ талабгор иштирок этди.
Тест синовлари 30 та саволдан иборат бўлиб, юқори натижа кўрсатган талабгорлар навбатдаги босқич – суҳбат жараёнига тавсия этилади.
[gallery-27151]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори асосида умумий ўрта таълим муассасаларида “Келажак” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш, ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Мактаб маслаҳатчисининг асосий вазифалари “Келажак” марказларининг тўгараклари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, лойиҳалар, клублар ва дебатлар орқали етакчилик ва ташаббускорлик кўникмаларини шакллантириш, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экологик лойиҳаларни ташкил этишдан иборат. Шу билан бирга мактаб маслаҳатчилари 7-9-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш, уларни халқаро олийгоҳларга тайёрлашда кўмаклашишга ҳам фаол ҳисса қўшади.
Н.Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА